Жамият | 15:01 / 19.04.2020
2737
2 дақиқада ўқилади

Нодавлат ташкилотлари аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбирларини амалга оширмоқда

Коронавирус пандемиясининг олдини олиш ва унинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат бир қатор амалий чораларни кўрмоқда.

Бундай шароитда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия тадбирларини амалга оширмоқда, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Жумладан, "Соғлом авлод учун" хайрия жамғармаси Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига 129 миллион сўмлик 5 турдаги дори-дармонларни, "Нуроний" жамғармаси ҳомийлар кўмагида  3 тонна гуруч ва ун маҳсулотлари, 2 тонна картошка ва пиёз етказиб берди.

Бундан ташқари, “Маҳалла” жамоатчилик хайрия жамғармаси вилоятларда ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига 2 миллиард 500 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этди.

Халқаро Шодиев жамғармаси ваколатхонаси 3000 дан ортиқ оилаларгв мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами пакетларини етказиб берди. Айни пайтда жамғарма тиббий жиҳозлар сотиб олиш ва республика тиббий муассасаларига етказиб беришни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, ЮСАИДнинг "Тинчлик учун озиқ-овқат" дастури доирасида "Соғлом авлод учун" жамғармаси ва "Resource and Policy Exchange" (АҚШ) нодавлат ташкилоти ўртасидаги келишувга мувофиқ,  Ўзбекистонга умумий қиймати 400 минг долларлик гуманитар ёрдам кўрсатилди. 

Гуманитар ёрдам тўпламларида витаминлар ва минераллар билан бойитилган қуритилган сабзавот ва дуккаклилар аралашмаси мавжуд.  

Тўпламлар республикадаги 140 дан ортиқ ихтисослашган, шу жумладан силга қарши кураш диспансерлари, асаб касалликлари диспансерлари, жисмоний имконияти чекланганлар учун мактаб-интернатлар, "Мурувват" ва "Саховат" интернат-уйлари ва Халқ таълими ҳвмда Соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимидаги бошқа шу каби муассасаларга тарқатилади.

"Соғлом авлод учун" жамғармаси ушбу ихтисослаштирилган муассасалардаги 35443 нафар кишига инсонпарварлик ёрдамининг манзилли етказиб берилиши ва мақсадли ишлатилишини назорат қилади.

Ҳукумат нодавлат ташкилотлари ва аҳолига кўмак беришдаги бошқа хайрия тадбирларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид