Жамият | 21:09 / 19.04.2020
13391
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон билан битимни маъқуллади

Қозоғистон томони Ўзбекистон билан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Битим икки мамлакатнинг меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини тартибга солади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон билан меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Ҳужжатда икки давлат ҳудудларида миграция оқимини тартибга солиш ва ноқонуний меҳнатнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Келишувга биноан, Қозоғистонда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ҳамда Ўзбекистонда ишлаётган қозоғистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таъминланади.

Хусусан, мигрантлар меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлган тан жароҳати олганда, касб касаллигини орттирганда ёки фаолияти натижасида соғлиққа қандайдир зарар етказилганда, бепул тиббий ёрдам кафолатланади.

Шунингдек, ходимга етказилган зарар учун компенсация берилади.

Бундан ташқари, битимда педагогик, тиббий ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланаётган меҳнат муҳожирларининг тегишли маълумотга эга эканини тасдиқловчи ҳужжатларини тан олиш, пенсия ва ижтимоий таъминот олиш каби масалалар ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, 2020 йилги давлат дастури лойиҳасида «Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди, аммо тасдиқланган дастурдан бу банд чиқариб ташланган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид