Ўзбекистон | 11:38 / 19.04.2020
35898
4 дақиқада ўқилади

Туғилган кун, меҳмондорчиликлар ва рухсатномасиз ҳаракат. Ўзбекистонда карантин тартибларини бузиш давом этмоқда

Ўзбекистонда карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати республикада карантин даврида қоидаларга амал қилмаслик билан боғлиқ ҳолатлар сони  79 851тани ташкил этаётгани ҳақида маълум қилди.

- Тошкент шаҳрида – 14 506та ҳолат; 
- Фарғона вилоятида – 12 510та ҳолат;
- Тошкент вилоятида – 11 742та ҳолат;
- Самарқанд вилоятида – 7 028та ҳолат;
- Сирдарё вилоятида – 5 470та ҳолат;
- Қашқадарё вилоятида – 5 148та ҳолат;
- Андижон вилоятида – 4 545та ҳолат;
- Наманган вилоятида – 4 447та ҳолат;
- Бухоро вилоятида – 3 248та ҳолат; 
- Қорақалпоғистон Республикасида – 2 902та ҳолат;
- Хоразм вилоятида – 2 660та ҳолат;
- Сурхондарё вилоятида – 2 485та ҳолат;
- Жиззах вилоятида – 2 407та ҳолат;
- Навоий вилоятида – 753та ҳолатни ташкил этмоқда.

18 апрель куни Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Мироншоҳ 2-тор кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган Иброҳим С. уйида танишларини йиғиб, туғилган кунини нишонлаган. Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, 17 апрель куни Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар, «Маърифат» маҳалласи, Мамадалиев кўчасида яшовчи 1992 йилда туғилган Моҳичеҳра К. карантин қоидаларини бузиб, яшаш хонодонига меҳмон чақириб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, қўшнилар тинчлигини бузиб, бақир-чақир қилиб турган вақтида, унинг тинчланишини сўраган ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармагани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан 18 апрель куни Маъмурий ишлар бўйича Ховос тумани суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183 ва 194-моддаларига асосан 1 115 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

18 апрель куни Хива шаҳри «Дўстлик» маҳалласида яшовчи 1999 йилда туғилган Азамат Э. соат 02:00да ўзининг уйига фуқаролар С.Жуманазарова, С.Жуманазарова, С.Юсуфов ва Р.Ғаффаровни чақириб, улар билан маишат қилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтиргани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида ҳужжатлар расмийлаштирилган.

18 апрель куни Хива шаҳар, А.Болтаев кўчасида яшовчи 1980 йилда туғилган Қувондиқ Б. соат 16:00да ўзининг уйига фуқаролар Р.Абдуллаев, И.Абдуллаев, М.Исмоилова ва С.Исмоиловани чақириб, улар билан маишат қилиб, спиртли ичимлик истемол қилиб ўтиргани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси асосида ҳужжатлар расмийлаштирилган.

18 апрель куни Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Жарқўрғон кўчасида яшовчи 1986 йилда туғилган Зарофат А. «Авиасозлар» бозорида жойлашган савдо шохобчасида фуқаролар карантин қоидасига риоя этишини назорат қилмагани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган.

18 апрель куни Жиззах вилояти, Дўстлик тумани, «Боғзор» қишлоғи, Ш.Рашидов кўчасида яшовчи 1964 йилда туғилган Мамасоли Д., Арнасой тумани, «Янгибўстон» қишлоғи, А.Навоий кўчасида яшовчи 1986 й.т. Бегзод М., Самарқанд вилояти, Тойлоқ тумани, «Бахшитепа» қишлоғида яшовчи 1996 й.т. Азизжон А., Самарқанд тумани, «Нуробод» маҳалласида яшовчи 1988 й.т. Суннатилло Ф., Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё тумани, Фурқат кўчасида яшовчи 1971 й.т. Шавкат Я., Кегейли тумани, «Еркин дарё» овулида яшовчи 1993 й.т. Бабур О. рухсатномасиз ўз транспортида бемақсад юргани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиб, автомашиналари жарима майдончасига жойлаштирилган.

18 апрель куни Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, «Дўнгариқ» маҳалласида яшовчи 1987 й.т. Ҳамиджон Т. ўз велосипедида бемақсад юргани аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиб, велосипеди жарима майдончасига жойлаштирилган.

Мавзуга оид