Ўзбекистон | 22:07 / 19.04.2020
13239
2 дақиқада ўқилади

Хусусий тиббиёт ташкилотларига коронавирусни аниқлаш учун тест ўтказишга рухсат берилади

Ўзбекистондаги нодавлат тиббиёт ташкилотларига 2020 йил 1 сентябргача коронавирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатиш учун рухсат берилади.

Фото: Imago Images / Photothek / ТАСС

Бунда белгиланган барча талабларга риоя қилиш ва ҳудудий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари билан шартнома имзолаш лозим.

Бу ҳақда бугун, 19 апрель куни Республика махсус комиссияси томонидан маълум қилинди.

Маълумот учун, ҳозирга қадар коронавирус таҳлиллари Ўзбекистондаги 16та вирусология лабораторияларида ўтказиб келинмоқда.

Республикада юз мингдан ортиқ киши коронавирусга текширилган. 19 апрель куни яқин вақт ичида яна 400 мингга яқин тест ўтказиш ва коронавирусга текширилганларнинг жами сонини ярим миллион нафарга етказиш режалаштирилаётгани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 26 март куни имзоланган президент қарорига асосан, хусусий шифохоналарга ҳам коронавирусга чалинган беморларга хизмат кўрсатиш учун 2020 йил 1 сентябрга қадар рухсат берилган эди. Бундай тиббиёт ташкилотлари рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилади. Харажатлар Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид