Жаҳон | 21:05 / 20.04.2020
17557
2 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс коронавирус ҳақидаги фитналар назариясининг янги “қурбони”га айланди -  NYT

Microsoft компанияси асосчиси, америкалик миллиардер Билл Гейтс коронавируснинг пайдо бўлиши ҳақидаги тахминларнинг “бош қаҳрамони”га айланди. Ушбу тахминларга кўра, у “коронавирус яратувчиси” ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Бундай хулосага The New York Times (NYT) нашри ва Zignal Labs биргаликда олиб борган тадқиқотда келинган.

Тахминларга кўра, Билл Гейтс вирусни ундан вакцина яратиш ортида янада бойиш ёки дунёда глобал видеокузатув тизимини ўрнатиш мақсадида яратган.

Бундай тўхтамга келинишига Гейтснинг 2015 йилдаги нутқи биринчи сабаб ҳисобланади. Миллиардер ўз нутқида инсоният учун келажакда бош хавф ядро уруши эмас, балки  глобал пандемия бўлишидан огоҳлантирган. Бу нутқ видеоси охирги ҳафталарда YouTube’да 25 млн мартадан кўпроқ кўрилган. 

Бундан ташқари, февраль бошидан телевидение ва ижтимоий тармоқларда Гейст коронавирусга алоқадорлик билан боғлиқ ҳолда 1,2 млн мартадан кўпроқ тилга олинган. Бу эса коронавирус билан боғлиқ энг кенг тарқалган 2-рақамли тахмин – коронавирус 5G тармоқларининг зарарини яшириш мақсадида ўйлаб топилгани ҳақидаги тахминдан 33 фоиз кўпроқни ташкил қилади. 

Нашрда таъкидланишича, Гейтсга бу борадаги ҳужумлар у твиттерда АҚШ президенти Дональд Трампни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига тўловларни вақтинча тўхтатиш қарори учун танқид қилгандан кейин бошланган.

“ЖССТ коронавирус тарқалишини секинлаштирмоқда ва унинг иши тўхтаб қолса, дунёдаги бирорта бошқа ташкилот унинг ўрнини босолмайди”, деб ёзган миллиардер ўз твитида.

Гейтснинг ўзи юқоридаги айбловларга изоҳ беришдан бош тортган. Миллиардернинг Bill & Melinda Gates хайрия жамғармаси раҳбари Марк Сузман уни қийин вақтда бирлашиб, одамлар ҳаётини қутқариш ўрнига уйдирмалар тарқатувчи одамлар ранжитишини айтган.

Мавзуга оид