Ўзбекистон | 10:00 / 20.04.2020
18265
6 дақиқада ўқилади

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинлари, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги ҳамда ҳарбий шаҳарчалардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фуқаролар шаҳарчаларда, қишлоқларда, овулларда, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги ҳамда ҳарбий шаҳарчалардаги маҳаллаларда ўзини ўзи бошқаришга доир ўз конституциявий ҳуқуқини фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига мувофиқ фуқаролар йиғини мажлислари (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари) орқали амалга оширади.

Фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, бевосита ёки ўзларининг сайланадиган вакиллари орқали ўзини ўзи бошқаришда тенг ҳуқуқларга эга.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришга доир ҳуқуқларини чеклаш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органлари ва ташкилотлари, ҳамда уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

демократизм, ошкоралик, ижтимоий адолат;

маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мустақиллик;

жамоавийлик, аҳоли олдида ҳисобдорлик;

жамоатчилик асосидаги ўзаро ёрдам;

ижтимоий шериклик;

маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарни ҳисобга олиш.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида амалга оширилади. Шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги ҳамда ҳарбий шаҳарчалардаги маҳаллалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликларидир.

Шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинлари, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги, овуллардаги ҳамда ҳарбий шаҳарчалардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва қонун ҳужжатлари билан берилган ўз ваколатларини тегишли ҳудуд доирасида амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат хизматлари марказларида ҳисобга олинган кундан эътиборан юридик шахс мақомига ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга ва банкда ўз ҳисобрақамларига эга бўлади.

Фуқаролар йиғини аҳоли манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан тегишли ҳудуд доирасида амал қиладиган қарорлар қабул қилади.

Фуқаролар йиғини фаолиятини фуқаролар йиғинининг кенгаши ҳамда раиси (оқсоқоли) ташкил этади.

Фуқаролар йиғини органлари қуйидагилардир:

фуқаролар йиғини кенгаши;

фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар;

тафтиш комиссияси.

Фуқаролар йиғинлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун географик жойлашуви ва аҳолиси сони бўйича тоифаларга ажратилади.

Фуқаролар йиғинлари географик жойлашуви бўйича қуйидаги тоифаларга бўлинади:

шаҳарда;

туман марказида;

туман марказигача 30 км бўлган масофада;

туман марказидан камида 30 км олис масофада, тоғли ва чўл ҳудудида;

чегара ҳудудида;

анклав ҳудудда жойлашган фуқаролар йиғинлари.

Фуқаролар йиғинлари аҳоли сони бўйича қуйидаги тоифаларга бўлинади:

1000 нафаргача аҳолиси бўлган;

1001-2000 нафаргача аҳолиси бўлган;

2001-4000 нафаргача аҳолиси бўлган;

4001-6000 нафаргача аҳолиси бўлган;

6001-8000 нафаргача аҳолиси бўлган;

8000 нафардан зиёд аҳолиси бўлган фуқаролар йиғинлари.

Фуқаролар йиғини ўз фаолиятини Қонунда белгиланган ваколатлар доирасида ишлаб чиқилган ҳамда фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади.

Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

фуқаролар йиғинининг номи;

фуқаролар йиғинининг ҳудуди;

фуқаролар йиғини ва унинг органлари ваколатлари;

фуқаролар йиғини мажлисини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини) чақириш тартиби;

фуқаролар йиғини кенгашини тузиш тартиби;

фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш, унинг ўринбосарларини (фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарларини), оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассисини ва маслаҳатчиларини (фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларини), шунингдек, фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахсларини сайлаш, тасдиқлаш ва тайинлаш тартиби;

фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби;

фуқаролар йиғини тафтиш комиссиясини тузиш ва унинг фаолиятини тугатиш тартиби;

«Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмаси, «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳи ҳамда «Кексалар маслаҳати» гуруҳини тузиш, уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби;

фуқаролар йиғини органлари, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари), оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис ҳамда маслаҳатчиларининг (фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларининг), шунингдек, фуқаролар йиғини органларининг бошқа мансабдор шахсларини ваколатлари;

фуқаролар йиғини фаолиятининг иқтисодий асоси;

фуқаролар йиғинини қайта ташкил этиш ва унинг фаолиятини тугатиш тартиби.

Фуқаролар йиғини тўғрисидаги низомда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин.

Мавзуга оид