Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Бердимуратович Нурмуратов билан коронавирус пандемияси шароитида банк тизимининг барқарор фаолият юритиши, банклар томонидан иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда валюта курси, инфляция кўрсаткичлари барқарорлиги масалаларида суҳбат уюштирди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, валюта курсидаги тебранишлар ортидан тижорат банклари томонидан аҳолига  валюта сотишда турли кўринишда лимитлар ўрнатилган. Олдиндан айтиб қўяй: банкларни айблашдан йироқмиз, лекин ҳеч қанақа лимитлар йўқ ва бўлмаган дейишдан ҳам осони йўқ. Шу масалада тижорат банклари вакиллари билан ҳам мулоқот қилганимизда, улар буни 2та сабаб билан изоҳлашаяпти. 

Биринчи сабаб: Банкларда валюта позицияси йўқ, яъни валюта сотилмаётгани сабаби, ҳеч ким банкларга валюта сотмаяпти, экспортёрлар ҳам пауза олган, аҳоли ҳам. Сотиши мумкин бўлганларнинг курс кутилмалари баландроқ. Тижорат банклари аҳоли ва экспортёрлардан юқорироқ курсда сотиб ололмайди, чунки норасмий бўлса-да коридор мавжуд. Шу маънода, қуйи ва юқори коридорларни бекор қилиш ҳақида ўйлаб кўриш вақти етмадимикин?

Иккинчи сабаб: 28 мартдан буён авиақатновлар тўхтаган. Шу сабабли четдан нақд валюта келтириш ҳам тўхтаб қолган. Биз билан мулоқотда бўлган айрим банкирлар нақд валюта тугаганини айтишмоқда. Бу муаммога нафақат биз, Украина, Грузия каби давлатлар ҳам рўбару келяпти. Уларнинг аксарида валюта сотишга чеклов йўқ, лекин фақат карталарга, нақдсиз сотиш бошланган. Аҳолига очиқ тушунтирилгани учун ҳеч қандай ваҳима ёки қўрқув пайдо бўлгани йўқ. Балки бизда бу борада етарли захиралар бордир. Билмаймиз, маълумотимиз йўқ. Сизнинг бу борадаги саволларга жавобингиз қандай?

— Ҳаммаси ўзимиз хоҳлагандек бўлишини истаймиз. Бу тушунарли. Бир томондан шунақа бўлишигаям хурсанд бўламан. Эркинлик, либераллаштириш...

Айтишим керакки, Марказий банк валютани тартибга солувчи орган сифатида бирор-бир чеклов қўймаган. Буни кўп бор айтганман. 

Чеклов қанақа бўлади? Ҳамма эслайдики, 2018 йилгача ҳар бир одам бир чоракда фақат 2 минг доллар олиши мумкин эди, буни мамлакат ичида нақд қилиб олиш имкони йўқ эди, фақат хорижда ишлатиш мумкин эди. Мана бу чеклов эди. Марказий банк шундай чеклов белгилаганди.

Ҳозир сиз айтаётган муаммога сабаб эса тижорат банклари ташкилий ишларни тўғри йўлга қўя олмагани билан боғлиқ. Банклар эрталаб юзта шохобчасига 10 минг доллардан, 20 минг доллардан тарқатади. Лекин улар қайси шохобчага қанча одам келиб, қанча валюта олишини билмайди. Шунинг учун, кейинги пул миқдори олиб бориб берилгунича маълум бир чеклов белгилаши мумкин, 200 доллар сот, 500 доллар сот деб. Мен ҳам ўқидим бу ҳақдаги хабарларни, тижорат банклари билан гаплашдим. Бу иш тўғри ташкил қилинмагани туфайли.