Ўзбекистон | 09:18 / 20.04.2020
3865
7 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимлари касбий малакасини ривожлантириш маркази ташкил этилади

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази фаолияти ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти негизида Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилган;

Тошкент шаҳридаги 1-сон Республика клиник шифохонаси негизида Марказнинг кўп тармоқли клиникаси тузилган;

Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Сирдарё вилоятлари ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларининг негизида Марказнинг филиаллари юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади.

Қуйидагилар Марказ фаолиятининг тиббий-санитария кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишлари деб ҳисобланади:

соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбар ҳамда тиббий-санитария кадрлари касб даражасини мунтазам ошириш асосида уларнинг қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳасидаги сўнгги ютуқларни чуқур ўрганиш;

юқори самарали замонавий таълим ва инновация технологиялари, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, тиббий-санитария кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услубларини тубдан янгилаш;

тиббиёт ва фармацевтика кадрларининг глобал Интернет тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, замонавий инновацион педагогика, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаши, телемедицина ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиши;

раҳбар ҳамда тиббий-санитария кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашда 5 та Марказ филиалининг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга услубий ёрдам кўрсатиш, мониторинг назоратини ташкил этиш;

клиник ординатурада мутахассисликлар бўйича врачларни қайта тайёрлашни ташкил этиш;

жаҳоннинг етакчи илмий-таълим ва тиббиёт муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, таълимнинг кредит-модул тизимига асосланган ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий этиш, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим ва тиббиёт муассасаларидан юқори малакали профессор-ўқитувчи ва олимлар, тажрибали мутахассисларни фаол жалб қилиш;

ҳудудий филиаллари тингловчиларининг халқаро илмий маълумотлар базасидан кенг фойдаланишлари учун зарур шароитларни яратиш;

ҳудудий филиалларини хорижий нашрлар, замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан мунтазам таъминлаб бориш, шунингдек, курсларнинг ўқув-услубий таъминотини доимий янгилаб бориш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

соғлиқни сақлашнинг долзарб йўналишлари, тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасида фан, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш, юқори малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.

Белгиланишича:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Марказ юридик шахс мақомига эга бўлган, тегишлича тиббиёт кадрларини узлуксиз касбий таълим тизимида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи давлат таълим муассасаси ҳисобланади;

Марказ Клиникаси юридик шахс мақомига эга бўлган кадрларини узлуксиз касбий таълим тизимида малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади;

Клиника Марказ муассиси ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти Марказ томонидан мувофиқлаштирилади;

Марказ Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг, Клиника 1-сон Республика клиник шифохонасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Марказ ва Клиникаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб варақларига эга бўлади;

Марказ директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари бир вақтнинг ўзида Клиника бош шифокори ҳисобланади;

Марказ филиалларининг штат ва жиҳозлар учун харажатлари Марказ балансига: бинолар, хоналар, мебел учун ва хўжалик-маиший харажатлари эса ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларининг балансига тегишли бўлади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Марказ директори Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни амалга ошириш ҳуқуқига эга:

Марказнинг ўқув, моддий-техник базасини такомиллаштиришга ва ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади;

таълим жараёнини самарали ташкил этиш, ўқув ва даволаш ишларига замонавий усулларни татбиқ этиш, ўқув хоналарини жиҳозлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

шартномалар асосда ўқув ва қўшимча пуллик хизматларни кўрсатиш, Марказ ходимларни рағбатлантириш, Марказ бўлимларга қўшимча штат лавозимлар ва алоҳида бўлимларни ташкил этиш;

Клиникада юқори технологияли ташхис қўйиш ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда қўшимча маблағлар тушириш мақсадида шартномалар асосда тиббий ва қўшимча пуллик хизматларни кўрсатиш, Клиниканинг ходимларни рағбатлантириш, қўшимча штат лавозимлар ва бўлинмаларини ташкил этиш.

Марказ Клиникасининг фаолият йўналишлари:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис қўйиш (диагностика) ва даволаш стандартларига риоя қилган ҳолда имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш, шунингдек, аҳолига пуллик асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;

шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларни шифохонага жойлаштириш;

аҳолига ўрнатилган тартибда бирламчи тиббий-санитария ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни амбулатор шароитида кўрсатиш;

республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва улар фаолиятини молиялаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар асосида ташкил этиш.

Қуйидагилар Марказ филиалларининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича доимий фаолият кўрсатадиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этади;

мутахассисликлар доирасида сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва касбий даражада машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув, услубий ва моддий-техника базасини ташкил этади;

масофадан ўқитиш усуллари асосида тиббий- санитария кадрлари учун ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари юқори малакали кадрларини ва хорижий мутахассисларни машғулотлар ўтказишга кенг жалб этишни таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича зарур ахборот-маълумотлар базасини шакллантиради, қайта тайёрлаш жараёнига замонавий инновацион педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқишни ва уларни жорий этишни ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид