Sunday Times газетаси ўзи ўтказган суриштирувлар асосида мақола эълон қилди. Унда Жонсон ҳукумати аввалига Covid-19 тарқалишига етарли муносабатда бўлмагани ва бир қатор вирусолог олимларнинг дастлабки огоҳлантириш сигналларини эътиборсиз қолдириб, инқироз бошида беш ҳафтани йўқотган, деган хулоса берилган.

Мақолада ҳукумат январь-март ойларида коронавирус таъсирини камайтириш учун имкониятни қўлдан чиқаргани, мамлакат бундай пандемияга умуман тайёр бўлмагани таъкидланган. Тиббий ҳимоя воситалари тақчиллиги ҳамда вирусни аниқловчи тестлар етарли эмаслиги танқид қилинган.

Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари, шифокорлар ва олимларнинг газета мухбирларига маълум қилишича, январь ойининг охири ва ҳатто, февраль ойининг бошларида ҳам ҳукумат тузилмалари яқинлашаётган хавфга нисбатан бепарво бўлган. Пандемиянинг содир бўлиши аниқ бўлса-да, унга тайёргарлик кўриш бўйича ҳеч қандай иш қилинмаган.

Sunday Times нашрининг ёзишича, ўша пайтдаёқ хавфли вирус одамдан одамга юқиши туфайли мамлакатга коронавирус кириб келиши ва одамлар орасида тарқалиши аниқ бўлган. Чунки ўша вақтда Уҳанда карантин эълон қилинганди.

Яқинда Буюк Британия ҳукумати мамлакат коронавирус келтириб чиқариши мумкин бўлган фавқулодда вазиятга жуда яхши тайёргарлик кўрганини маълум қилган эди. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади: мамлакат коронавирус пандемиясига мутлақо тайёр бўлмаган ва вирус юқтирганлар сони бўйича олтинчи ўринда бормоқда (124,7 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолати ва 16509 ўлим).

Ҳукуматдаги масъул шахслардан бирининг сўзларига кўра (газета унинг исмини ошкор этмаган), пандемияга қарши синов амалиётлари мамлакатда анча йиллардан буён ўтказилмайди. Бундан ташқари, коронавирус кундан кунга хавф солиб келаётганини билиб туриб ҳам тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари захираси тўлдирилмади, мавжудларининг амал қилиш муддати эса аллақачон тугаб бўлган.

Январь ойи охирида ҳукуматнинг айрим маслаҳатчилари янги вируснинг юқумли экани ва у келтириши мумкин бўлган йўқотишлар 1918-19 йилларда бутун дунё бўйлаб 50 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлган «испанка» вируси билан тенглаштирилаётгани ҳақида огоҳлантирган, аммо ҳукумат уларни жиддий қабул қилмаган.

Орадан бир ой ўтгач, февраль ойи охирида олимлар шошилинч чоралар кўрилмаса, эпидемия оқибатида Буюк Британия 380 минг нафаргача фуқаросини йўқотиши мумкинлигидан огоҳлантириб, ҳукуматни зудлик билан карантин жорий этишга чақиришади.