Жаҳон | 14:21 / 21.04.2020
25849
3 дақиқада ўқилади

CNN: Ким Чен Ин жарроҳлик столига ётди, унинг соғлиғи ёмонлашган бўлиши мумкин  

КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг соғлиғи жарроҳлик амалиётидан кейин кескин ёмонлашди, унинг аҳволи оғир, деб хабар беради CNN.

Фото: Bloomberg

Ким 15 апрель куни бобоси Ким Ир Сеннинг туғилган кунига бағишланган тантанали маросимда иштирок этмади. У сўнгги марта 11 апрель куни ҳукумат йиғилишида кўриниш берган эди.

Шимолий Корея ҳақидаги янгиликларга ихтисослашган ва Жанубий Кореяда фаолият юритадиган Daily NK интернет газетаси хабарига кўра, Ким 12 апрель куни жарроҳлик столига ётган. Унинг соғлиғида «ҳаддан ортиқ кўп чекиш, семизлик ва толиқиш» билан боғлиқ муаммолар борлиги туфайли, юрак қон-томир тизими операция қилинган. Айни пайтда у Хянсан вилоятидаги ҳукумат шифохонасида даволанмоқда.

CNN нашрининг жанубий кореялик манбаси мамлакат ҳукуматининг Кимнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотлардан хабардор эканини, аммо Daily NK нашрида чоп этилган хабарни текшириш имконияти йўқлигини таъкидламоқда. Ҳукумат вакили Кимнинг ортиқча вазн ва кашандалик билан боғлиқ муаммосидан хабардор эканини тан олган, бироқ, жарроҳлик амалиёти ҳақида қўшимча маълумот кутаётганини айтган. Жанубий Кореянинг Бирлашиш вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги бу хабарларга изоҳ беришдан бош тортган.

Ҳозирги вақтда вазият ўта мавҳум бўлиб қолмоқда. Шимолий Корея ҳақида маълумот йиғиш ҳатто АҚШ разведкаси учун ҳам энг мураккаб ва қийин вазифалардан бири ҳисобланади.

КХДР ўз раҳбари билан боғлиқ бўлган ҳар қандай маълумотни қаттиқ назорат қилади. Расмий матбуотда Кимнинг жарроҳлик столига ётгани ҳақидаги хабарларнинг йўқлиги эса унинг соғлиғи ҳақида турли миш-мишларни келтириб чиқаряпти.

Сўнгги марта Ким ТВ орқали 11 апрель куни кўриниш берди. 15 апрель куни эса Шимолий Кореядаги энг муҳим байрам – мамлакат асосчиси Ким Ир Сеннинг туғилган кунига бағишланган тадбирларда иштирок этмади. Экспертлар фикрига кўра, бу ҳеч нарсани англатмаслиги мумкин, аммо авваллари КХДР раҳбарлари муҳим байрамларда иштирок этмаган пайтларда жиддий воқеалар юз берган.

Мисол учун, 2008 йилда Шимолий Кореянинг 60 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда Ким Чен Ир иштирок этмаганди. Кейинчалик унинг инсультга чалингани маълум бўлди. Ким Чен Ир бу зарбадан тўлиқ тиклана олмади ва 2011 йилда вафот этди.

2014 йилда Ким Чен Ин 1 ойдан ортиқ муддат давомида жамоатчиликка кўриниш бермади. Натижада, унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Кейинчалик у қўлида кичик ҳасса билан қайтди. Жанубий Корея разведкаси эса Кимнинг тўпиғидаги ўсма жарроҳлик йўли билан олиб ташланганини эълон қилди.

Мавзуга оид