Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бизнес-омбудсман барча назорат қилувчи органларни тадбиркорлар фаолиятида текширув ўтказмасликка чақирди
Коронавирус инфекциясининг тарқалиши фақатгина инсоният ҳаётига таҳдид солмай, балки дунё иқтисодиёти ва ишбилармонлик муҳитига ҳам катта талафотлар олиб келмоқда.
Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси ва у билан курашиш тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун салбий оқибатлар келтирмоқда. Хусусан, мамлакатимизда сўнгги 5 йил ичида ҳар йили 1 чорак давомида 100 мингдан кўпроқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб келинган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 76,2 мингтани ташкил қилди.
2020 йилнинг 1 чорагида чакана савдо товар айланмаси таркибида овқатланиш ташкилотларининг савдо айланмаси 2019 йилга нисбатан 4,3 фоизга камайиши кузатилди ва кўплаб тадбиркорлик субъектлари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлди.
Ушбу ҳолатлар мамлакат иқтисодиётига сезиларли даражада таъсир кўрсатаётганини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва шу даврда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва пандемия оқибатларини тадбиркорлик фаолиятига таъсирини юмшатиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон фармонларига мувофиқ, тадбиркорларга бир қатор имтиёз ва преференциялар берилди, шу жумладан, 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш тўхтатилди (жиноят ишлари доирасида ва юридик шахсни тугатиш муносабати билан солиқ аудитидан ўтказиш бундан мустасно).
Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 19 март куни коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида йил якунига қадар солиқ текширувларига мораторий эълон қилиниши, қийналган корхоналарга солиқ қарзлари учун пеня ҳисоблаш тўхтатилиши ва бундай қийин шароитда тадбиркорни бирорта текширувчи безовта қилмаслиги лозимлиги белгиланди.
Шунга кўра ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларини шундай қийин ҳолатларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги бизнес-омбудсман назорат қилувчи органларни тадбиркорлар фаолиятида текширувларни амалга оширмасликка чақиради.
Бизнес-омбудсман матбуот хизмати.
Мавзуга оид
12:05 / 09.08.2025
Инсон соғлиғига хавф туғдирадиган ҳолатларда текширувни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш мумкин – бизнес омбудсман
12:50 / 23.10.2024
Тадбиркорлар энг кўп қайси масалаларда бизнес омбудсманга мурожаат этаётгани айтилди
13:45 / 17.10.2022
Самарқандда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузганлар қандай жазоланмоқда?
10:14 / 13.05.2022