Жамият | 12:52 / 23.04.2020
6078
3 дақиқада ўқилади

Карантин сабаб Нукусда барпо этилаётган «Жасорат боғи»да қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган

Айни вақтга қадар боғни барпо этиш ишлари 80 фоиз ҳажмда тугатилган. Боғни кўкаламзорлаштириш ва ёритиш тизимларини ўрнатиш каби ишларни бажарилиши қолмоқда

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган майдоннинг орқа томонида “Жасорат боғи” барпо этилмоқда.

– Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси президиумининг 2019 йил декабрь ойидаги қарори билан тасдиқланган йўл харитасига асосан Нукус шаҳрида “Жасорат боғи”ни барпо этиш бошланган, – дейди Жўқорғи Кенгеси раисининг ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ғоипов. – Мазкур боғ қурилиши учун Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори томонидан 3 млрд сўмга яқин пул маблағи ажратилган бўлиб, ишларни тезлаштириш мақсадида учта пудратчи ташкилот ёлланган. Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда жорий этилган карантин сабаб айни вақтда қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилган. Айни вақтга қадар боғни барпо этиш ишлари 80 фоиз ҳажмда тугатилган. Боғни кўкаламзорлаштириш ва ёритиш тизимларини ўрнатиш каби ишларни бажарилиши қолмоқда. 

“Жасорат боғи” “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган майдоннинг орқа томонида илгари ташландиқ ҳудуднинг деярли 100 сотих майдонида бунёд этиляпти. Боғни яратиш концепциясига асосан у ердаги 153 квадрат метр майдонида Иккинчи жаҳон уруши йиллари қорақалпоқ халқи ва қорақалпоғистонликларнинг матонати, ғалабага қўшган ҳиссаси акс этган бир қаватли хотира музейи, пневматик милтиқдан ўқ отиш тири, ҳарбий альпинизмни ривожлантириш мақсадида скалодром, ҳарбий объектларни қўриқлашда фойдаланиладиган соқчиларнинг кузатув минораси, жанггоҳларни акс эттирадиган окоп, блиндаж ва ертўлалар ҳамда жанговар техникалар ўрин олади. Уруш йилларида юртдошларимизнинг қаҳрамонликларини акс эттириш учун Мудофаа вазирлиги музей фондига яқиндан кўмак бериб, ҳозирда жамланаётган экспонатлар ҳамда ҳарбий техникаларни тақдим этиши белгиланган. Музей фонди бошқа манбалардан ҳам тўлдириб борилади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан боғда экспонат сифатида ўрнатиладиган ҳарбий техникаларни жойлаштириш, окоп, блиндаж ва ертўлаларни қазиш ишларида амалий кўмак берилмоқда. 

Келгусида “Жасорат боғи”ни кенгайтириш, олдида жойлашган қўшни ҳудудни қўшиш режаси ҳам бор. Яъни, келажакда боғ ҳудуди янада каттариб, экспонатлар билан бойитиб борилади.

Айни вақтда боғда жами 8 дона техника: Т-64 танки, пиёдалар жанговар машиналари, зирҳли транспортёрлар ҳамда артиллерия ва зенит қурилмалари ўрнатилган. Боғ экспонатлари учун бир дона самолёт келиши кутилмоқда, дейилади Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабарида. 

Мавзуга оид