Жаҳон | 23:38 / 23.04.2020
8729
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШда коронавирус илк касалланиш ҳолатлари қайд этилишидан анча аввал тарқалган

АҚШнинг Шимоли-Шарқий университети (Массачусетс штати) мутахассислари янги коронавирус АҚШ шаҳарларида ундан касалланиш бўйича илк ҳолатлар аниқлангандан анча олдин кенг тарқалган, деб ҳисоблашмоқда. 

ТАСС ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақида The New York Times нашрининг электрон версиясидаги мақолада айтилган.

Нашр журналистлари олимлар томонидан ишлаб чиқилган компьютер модели билан танишиб чиқишган. Олимларнинг таъкидлашича, 1 мартда Нью-Йорк (Нью-Йорк штати), Сан-Франциско (Калифорния штати), Сиэтл (Вашингтон штати), Чикаго (Иллинойс штати) ва Бостонда (Массачусетс штати) 23 та касалланиш ҳолати қайд этилган. Олимлар аслида бу вақтгача ушбу шаҳарларда умумий ҳисобда 28 мингга яқин киши коронавирусга чалиниб бўлган, деган хулосага келишган. У вақтда вирусга чалинганликни аниқловчи тестлар ҳали катта кўламда ўтказилмаган.

Мақолада таъкидланишича, моделни тузишда одамларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишининг одатий йўналишлари ҳамда коронавирус чақирувчи касаллик кўпинча аломатларсиз ўтиши ҳисобга олинган. Олимларнинг ушбу тадқиқотлари натижалари билан мустақил экспертлар танишиб чиқиб, уларни ишончли деб топишган. 

Февралда АҚШнинг кўплаб шаҳарлари маъмуриятлари вирус тарқалиши сабабли мактаблар ва бошқа муассасаларни ёпиш-ёпмаслик устида бош қотиришган.

“Бу орада вируснинг минглаб одамлар ўртасида жимгина ўтиши юз берган”, деб айтган олимларга раҳбарлик қилган Алессандро Виспиниани.

Унинг таъкидлашича, у ва унинг қўл остидагилар февраль ўрталарида ҳокимият вакилларини уларнинг маълумотларига кўра вирус кенг тарқалиб бўлганидан огоҳлантиришган. Виспинианининг айтишича, ўшанда олимларнинг хулосаларига жиддий эътибор қаратишмаган.

Мавзуга оид