Ўзбекистон | 09:11 / 24.04.2020
5047
6 дақиқада ўқилади

Экспорт билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартиби очиқланди

Капитал, товар ва хизматлар экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартиби тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Капитал, товар ва хизматлар экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Капитал, товар ва хизматлар экспорти ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни суғурта қилиш тартиби экспорт қилувчилар ва уларнинг экспортга йўналтирилган фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватловчи шахсларнинг мулкий манфаатларига суғурта ҳимоясини тақдим этиш шартларини белгилайди.

Суғурта шартномасига мувофиқ суғурта қилдирувчиларга қуйидаги таваккалчиликларнинг барчаси ёки бири ёхуд уларнинг Тартибнинг 4-бандида келтирилган таърифларида келтирилган алоҳида таваккалчиликлар ёки уларнинг комбинацияси суғурта ҳимояси сифатида тақдим этилиши мумкин:

сиёсий таваккалчиликлар;

тижорат таваккалчиликлари;

логистика таваккалчиликлари.

Суғурта қилдирувчининг фаолиятидан келиб чиқиб, суғурта шартномаларининг қуйидаги турларидан фойдаланиш мумкин:

Экспорт қилувчи суғурта қилдирувчи бўлганда:

экспорт шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаслиги суғурта қилиш шартномаси – контрагент экспорт шартномасига биноан тўлов ёки бартер (товар ёки хизмат алмашинуви) бўйича мажбуриятларни сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида бажармаслигидан суғурта ҳимояси;

товар ва (ёки) хизмат етказиб берувчи кредитини суғурта қилиш шартномаси – контрагент муҳлатли тўлов шарти билан тузилган экспорт шартномасига биноан тўлов мажбуриятларини сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида бажармаслигидан суғурта ҳимояси;

экспорт қилувчининг қисқа ёки узоқ муддатли дебитор қарздорлигини суғурта қилиш шартномаси – бир йил (қисқа муддатли) ёки ундан ортиқ (узоқ муддатли) давр ичида муҳлатли тўлов шарти билан экспорт қилинган товар ва (ёки) хизмат учун тўлов сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида тўланмаслигидан суғурта ҳимояси;

 

логистика таваккалчиликларини суғурта қилиш шартномаси – экспорт қилувчининг ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятида логистика таваккалчиликларидан суғурта ҳимояси;

 

инвестицияларни суғурта қилиш шартномаси – экспорт қилувчининг хориждаги бизнесга инвестиция сифатида мулкий ва (ёки) молиявий қўйилмалари, номоддий активлари банкротлик оқибатида тўлиқ ёки қисман қайтмаслигидан суғурта ҳимояси;

Молияловчи шахс суғурта қилдирувчи бўлганда:

харидор кредитини суғурта қилиш шартномаси – молияловчи шахс томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарни ва (ёки) хизматни сотиб олиш учун берилган кредитни хориждаги контрагент сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида сўндирмаслигидан суғурта ҳимояси;

экспорт факторини суғурта қилиш шартномаси – фактор ҳисобланувчи молияловчи шахснинг факторинг маблағларини хориждаги контрагент сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида сўндирмаслигидан суғурта ҳимояси;

экспорт қилувчининг айланма маблағларини тўлдириш кредити ўз вақтида қайтарилмаслигидан суғурта қилиш шартномаси – экспорт қилувчига айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитни тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида ўз вақтида сўндирмаслигидан суғурта ҳимояси;

тасдиқланган аккредитивни суғурта қилиш шартномаси – экспорт қилинаётган товарлар ва (ёки) хизматлар учун очилган аккредитив молияловчи ташкилот томонидан тасдиқланиб, сиёсий ва (ёки) тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида тўлиқ ёки қисман қопланмай қолишидан суғурта ҳимояси;

кафолат ёки кафилликни суғурта қилиш шартномаси – экспорт қилувчи контрагент олдидаги ўз мажбуриятларини сиёсий ва (ёки) тижорат таваккалчилиги юзага келиши оқибатида бажармаслиги натижасида молияловчи шахснинг кафолат ёки кафиллик бўйича тўловни амалга ошириш мажбуриятидан суғурта ҳимояси;

лизинг фаолиятини суғурта қилиш шартномаси – молияловчи шахс сотиб олган маҳсулот сиёсий ва тижорат таваккалчиликлари юзага келиши оқибатида тақдим этмаслиги ва ушбу маҳсулот учун ўтказилган маблағлар қайтарилмаслиги ёхуд экспорт қилувчи молияловчи шахсга тижорат таваккалчилиги юзага келиши оқибатида лизинг тўловларини ўз вақтида амалга оширмаслигидан суғурта ҳимояси.

Суғурта шартномаларини тузишда қуйидагилар тақиқланади:

сиёсий таваккалчиликлар бўйича шартсиз франшиза ўрнатилиши;

тижорат таваккалчиликлари бўйича шартсиз франшиза миқдори – суғурта пулининг 50 фоизидан ортиқ бўлиши;

логистика таваккалчиликлари бўйича шартсиз франшиза миқдори – суғурта пулининг 5 фоизидан ортиқ бўлиши;

сиёсий таваккалчиликлар бўйича кутиш даври – 180 календарь кундан ортиқ бўлиши;

тижорат таваккалчиликлари бўйича кутиш даври – 90 календарь кундан ортиқ бўлиши;

логистика таваккалчиликлари бўйича кутиш даври – 30 кундан ортиқ бўлиши.

Муҳлатли тўловни назарда тутувчи экспорт шартномаси бўйича суғурта таваккалчиликларини суғурта қилиш учун суғурта қилдирувчи томонидан экспорт шартномаси қийматининг камида 15 фоизи миқдорида аванс тўлови олдиндан тўланган бўлиши лозим.

Тартибга мувофиқ тузилган суғурта шартномалари фақат суғурта қилдирувчининг фойдасига тузилиши мумкин.

Суғурта шартномаларида томонлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғуртага оид қўшимча хизматлар ташкил этилишини келишиб олишлари мумкин.

Суғурта шартномасида суғурта ҳодисаси, зарарнинг ҳисоб-китоби, кутиш даври, франшиза миқдори ва қўшимча хизматлар учун ажратиладиган маблағнинг энг кўп миқдори, суғурта товонини олиш учун бериладиган ҳужжатлар, ҳужжатлар топширилган кундан бошланадиган суғурта товони тўланиши муддати аниқ кўрсатилган бўлиши шарт.

Суғурта шартномасига амалдаги қонун ҳужжатлари ва Тартиб билан рухсат этилмаган истиснолар ва шартларни киритиш мумкин эмас.

Агар халқаро норматив ҳужжатлар ва қоидаларда Тартибдан фарқ қилувчи суғурта қилиш шартлари назарда тутилган бўлса, суғурта шартномасига ушбу халқаро норматив ёки қоида киритилиши мумкин.

Мавзуга оид