Ўзбекистон | 08:23 / 25.04.2020
4266
3 дақиқада ўқилади

Маҳкума аёлларнинг ўз фарзандлари билан учрашишининг алоҳида тартиби белгиланади

Вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ва уларни ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловларни бекор қилиш, маҳкума аёлларнинг ўз фарзандлари билан учрашишининг алоҳида тартибини белгилаш ҳамда маҳкумларнинг учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувлари сонини кўпайтириш ва учрашувларни алмаштириш тизимини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Депутатларнинг фикрича, аввало, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашда ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш мақсадида Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш заруратини юзага келтирди. Вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловларни бекор қилиш йўли билан уларни қайта тарбиялаш зарурати пайдо бўлаётгани ҳам айрим сабаблардан бири.

Шу мақсадда ушбу ҳужжатда Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Онлайн муҳокамаларда ушбу лойиҳа билан маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид назарда тутилаётган янгиликлар мунозараларга сабаб бўлди. Қайд этилганидек, бу ўзгартишлар, айниқса, тинтув жараёнида жисмоний куч ва махсус воситаларни асоссиз равишда қўлланилишига йўл қўймаслик, маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Яъни инсон манфаатларини таъминлаш кафолатланади.

Маҳкумларни рағбатлантиришнинг адолатли мезонларини ишлаб чиқиш ҳам муҳим масала. Шу асосда рағбатлантириш чораларини қўллаш, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ва уларни ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловларни бекор қилиш, маҳкума аёлларнинг ўз фарзандлари билан учрашишининг алоҳида тартибини белгилаш ҳамда маҳкумларнинг учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувлари сонини кўпайтириш ва учрашувларни алмаштириш тизимини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, ушбу қонун қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид