Ўзбекистон | 07:42 / 25.04.2020
13141
4 дақиқада ўқилади

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш давлат томонидан қўллаб-қувватланади

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғоришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазиш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатишга давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш тўғрисида таклиф берган.

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазиш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш учун субсидия:

қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ бўлган ҳар бир гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган ҳолда;

аҳоли хонадонларида қазиладиган артезиан қудуқларини қазиш билан боғлиқ харажатларнинг ҳар бир қудуққа базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробаридан ошмайдиган миқдорида;

камида 50 та аҳоли хонадонининг томорқа ерларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазишга 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 февралдаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Бунда мазкур тартиб президентнинг «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони 3-иловасида келтирилган туман (шаҳар)ларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларга ҳамда туман ҳокимликлари захирасидаги ер майдонлари негизида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига ҳам татбиқ этилади.

Белгиланишича:

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 апрелга қадар сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастурини шакллантириб тасдиқлайди;

лойиҳалар ташаббускорларига ажратиладиган субсидиялар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда тасдиқланадиган рўйхатга асосан 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига президентнинг 2020 йил 19 мартдаги фармонига асосан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазиш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатишга давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш учун зарур маблағларни назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид