Жамият | 12:26 / 25.04.2020
13115
2 дақиқада ўқилади

ХТВ маҳаллий ҳокимият вакилларидан ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этмасликни талаб қилди

Ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларга томорқа ишларини юклатилаётганлигига оид маълумот эълон қилинди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

2018 йил 14 августда президентнинг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган, деб ёзмоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Қарорга кўра, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Мазкур қарорга асосан ўқитувчиларни аҳолининг томорқа ишларини назорат этишга жалб этиш ҳам ноқонуний экани эслатиб ўтилди.

“Айни пайтда 2019-2020 ўқув йилининг 4-чораги давом этмоқда. Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси ўқувчиларга видеодарслар ёрдамида пухта билим беришдан иборат.

Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимият вакилларини ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этмасликни талаб қилади.

Юқоридаги қарорнинг 16-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан мунтазам равишда назорат тадбирларини ўтказиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш вазифалари юклатилган.

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини мазкур хабарларни ўрганиб, агар ҳақиқатда содир бўлган бўлса, айбдорларни жазолашга чақириб қолади”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид