Бир қарашда инсонларнинг таналаринигина зарарлайдигандек бўлиб кўринадиган коронавирус бугун бутун дунёни музлатиб қўйди. Унинг таъсири нафақат инсон соғлиғи билан чекланди, балки унинг аҳлоқи, юриш-туриши, турмуш тарзини ўзгартириб юбормоқда. Бу ўз навбатида миллий, регионал ва глобал миқёсдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга ҳам жиддий таъсир ўтказяпти. Кўз илғамас бир зарра барча муносабатларнинг марказида инсон туриши ва унга зарар етиши бутун жамиятга зарар етишини яна бир бор исботлади.

Бугун ҳар бир жамият, ҳар бир давлат коронавирусга қарши кураш чораларини кўриш билан бирга, ундан кейинги иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт ҳақида ҳам бош қотирмоқда. Пандемия жаҳон миқёсида навбатдаги иқтисодий инқирозни вужудга келтираётган вазиятда, ҳар бир давлат ўз имкониятлари ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга ва коронавируснинг ишбилармонлик муҳитига таъсирини камайтиришга ҳаракат қилади. Ушбу мақолада посткризис шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган айрим мулоҳазалар кўриб чиқилади.

Юқорида бежизга ҳар бир муносабатнинг марказида инсон туришига урғу берилмади. Посткризис шароитида иқтисодиётни ислоҳ қилиш ҳам айнан инсонни, уни ҳаракатлантирувчи қадриятларини ислоҳ қилишдан бошланиши лозим, назаримизда.

Пандемиягача бўлган ҳолатга назар ташлайдиган бўлсак, шахсий манфаат (self-interest) ва бойлик орттириш (wealth maximization) каби иқтисодий назариялар ҳамда уларнинг оммавий татбиқ этилиши таъсирида тобора моддийлашиб бораётган иқтисодиёт кўз олдимизга келади. Натижада дунёнинг деярли ярим бойликлари атиги 1 фоиз инсонлар қўлида тўпланишига олиб келди (The Global Wealth Report 2019).

Коронавирус сингари синовли вазиятлар кимнинг аслида кимлигини барчага намоён этиб, асл ҳақиқатларни эслатди. Масалан, бир тадбиркор карантин чоралари эълон қилинганини эшитган заҳоти барча учун синов бўлган бу вазиятдан кўпроқ фойда олишни кўзлаб, аҳоли учун зарур маҳсулотлар нархини сунъий равишда оширади. Бошқаси эса нархларни оширмайди, аксинча, иложи борича муҳтожларга ёрдам қўлини чўзади, хайриялар қилади.

Ёки бўлмасам, кимдир халқ дардини енгил қилиш учун волонтёрлик асосида жамоат ишларида иштирок этади, бошқа биров эса ўзи муҳтож бўлмаса ҳам кам таъминланган фуқаролар учун мўлжалланган турли хайрия ва ижтимоий кўмакларга очкўзларча кўз тикади.

Ҳақиқат шуки, ўтган асрнинг иқтисодий назариялари асосан инсоннинг фақат шахсий манфаат (self-interest) ва бойлик орттириш (wealth maximization) йўналтириб, инсоннинг ахлоқий ва ижтимоий хусусиятларини эътибордан четда қолдирди. Бунга жавоб сифатида бошқа олимлар ижтимоий тадбиркорлик (social business), компаниянинг ижтимоий масъулияти (corporate social responsibility) ёки ахлоқий иқтисодиёт (behavioral economics) каби назарияларни таклиф этди ва амалда синаб кўрсатди.