Шимолий Корея нашрлари Ким Чен Ин вафоти ҳақидаги хабарлар ортидан унинг баёнотини эълон қилди
Шимолий Кореянинг “Нодон синмун” марказий газетаси ҳамда марказий радиоси Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин вафоти ҳақида хабарлар тарқалаётгани ортидан унинг номидан хабар эълон қилди.
Ким Чен Ин ўз хабарида охирги йилларда Шимолий Кореядаги энг йирик қурилиш - Самчжиён шаҳридаги қурилишда иштирок этганларга миннатдорлик билдирган.
Бу ҳақда “Рёнхап” ахборот агентлигига таяниб ТАСС ва “РИА Новости” ахборот агентликлари хабар берган.
Бироқ Шимолий Корея етакчисининг ушбу баёнотни қачон бергани ва у ҳозир қаердалиги маълум қилинмаган.
Шимолий Кореянинг Марказий телеграф агентлиги 26 апрелда Ким Чен Иннинг фаолияти билан боғлиқ хабар эълон қилмаган. Агентлик Россиянинг КПРФ партияси етакчиси Геннадий Зюганов 24 апрелда Ким Чен Инга Россия ва Шимолий Кореянинг 2019 йил апрелда Владивостокда ўтган саммитига бир йил бўлгани муносабати билан табрик телеграммаси юборганинигина маълум қилган.
25 апрелда жаҳон оммавий ахборот воситалари Шимолий Корея етакчиси вафот этгани ёки мия яримшарлари шикастланишига олиб келувчи “вегетатив” ҳолатда эканини маълум қилди. Маълумотларга кўра, Ким Чен Ин стент ўрнатиш бўйича муваффақиятсиз жарроҳлик амалиётидан кейин комага тушган ёки ҳаттоки ўлган. Бу орада Хитой, АҚШ ва Россия Шимолий Корея етакчиси вафот этганини рад этмоқда.
Корея дўстлик ассоциацияси раҳбари, дипломат Алехандро Као де Бенос Ким Чен Иннинг ўлими ҳақидаги маълумот ҳақиқатга мос эмаслигини маълум қилган. Ассоциация сайтида де Бенос Шимолий Кореянинг хорижий давлатлар билан маданий алоқалари бўйича қўмитасининг махсус вакили деб кўрсатилган.
“Маршалимиз Ким Чен Ин оғир аҳволдалиги ҳақидаги маълумот ёлғон ва бадният ҳисобланади”, деб айтган де Бенос.
Аввалроқ Ҳонгконгнинг HKSTV сунъий йўлдош телевидениеси вице-директори Цин Фэн Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ким Чен Ин вафот этганини маълум қилган. Фэннинг тахкидлашича, унга бу ахборотни “жуда ишончли манба” тасдиқлаган.
Бироқ кейинроқ Фэннинг саҳифасидаги ушбу хабар олиб ташланган.
Япониянинг Shukan Gendai нашри эса Ким Чен Ин юракда жарроҳлик амалиёти ўтказгани ва оғир аҳволдагини маълум қилган. Хитойдаги манбанинг нашрга маълум қилишича, Ким Чен Ин ишчи сафарлардан бирида ўзини ёмон ҳис қилган ва унга юрак массажи қилинган ҳолда тез ёрдам олиб кетган.
Ким Чен Ин жарроҳлик амалиёти ўтказганини Daily NK нашри ҳам хабар қилган. Унинг манбалари маълумотларига кўра, Шимолий Корея етакчиси 12 апрелда мамлакат олий раҳбарияти учун мўлжалланган ихтисослаштирилган шифохонада операция қилинган. Унга Пхеньяндаги шифохоналардан энг малакали жарроҳлар чақиртирилган. Жарроҳлик амалиётидан кейин Ким Чен Ин ўзининг вилласига тикланиш учун жўнаган.
Мавзуга оид
19:12 / 15.11.2024
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
22:13 / 31.10.2024
Украина Ким Чен Инни ҳибсга олиш ордери бўйича ХЖСга мурожаат қилади
21:26 / 29.10.2024