Чипта сотиш тизимини жорий этиш тўғрисидаги лойиҳанинг рақобатга таъсири баҳоланди
Қарор лойиҳасидаги айрим нормалар юқорида кўрсатилган давлат рақобат сиёсати йўналишларига зид равишда киритилганлиги сабабли мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш ва операторни белгилашни рақобат тамойиллари асосидаги тартиботлар орқали амалга оширилиши таклиф этилди.
Маданият вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ягона электрон чипта сотиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилгани хабар берилганди.
Мазкур қарор лойиҳаси юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тегишли таклифлар (эътирозлар) билдирилди ва белгиланган тартибда лойиҳа ишлаб чиқувчига юборилди.
Қўмита хабарига кўра, ҳозирги кунда республикада “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ (e-ticket.railway.uz), Uzbekistan Аirwауs АЖ (uzairways.online), “Ўзавтовокзал сервис” ДУК (avtoticket.uz) томонидан онлайн чипталар сотиш, шунингдек, интернет тармоқлари орқали кино, театр, концерт ва спорт тадбирлари учун (iticket.uz ва myticket.uz) онлайн чипталар сотиш йўлга қўйилган ва самарали фаолият юритаётганлиги қайд этилди.
Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиқиб, бу соҳада хусусий тадбиркорлик фаолияти яхши йўлга қўйилганлиги ва соҳа жадал ривожланиб бораётганлигини инобатга олиб, қўшимча янги давлат иштирокидаги корхона ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмаслиги билдирилди.
Шунингдек, лойиҳада барча мавжуд чипта сотиш ахборот тизимларини яратилаётган янги Портал билан мажбурий интеграциялашни таъминлаш топширилган. Ушбу талаб ҳам “Рақобат тўғрисида”ги қонунига зид бўлганлиги сабабли чипта сотиш ахборот тизимларини ихтиёрийлик асосида Портал билан интеграциялаши мумкинлигини кўзда тутиш лозимлиги хулосаси берилди.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, қарор лойиҳасидаги айрим нормалар юқорида кўрсатилган давлат рақобат сиёсати йўналишларига зид равишда киритилганлиги сабабли мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш ва операторни белгилашни рақобат тамойиллари асосидаги тартиботлар (танлов, тендер) орқали амалга оширилиши таклиф этилди, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
11:49 / 06.11.2024
Айрим шахсларга темирйўл транспорти ва автобус учун бепул чипталар берилади
13:04 / 23.10.2024
Телекоммуникация соҳасида операторлар ва провайдерларга адолатли рақобат муҳити таъминланади
19:03 / 15.10.2024
“Рақобат сиёсати керак” – Нобел мукофоти лауреати Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида
22:29 / 11.10.2024