Ўзбекистон | 17:43
2363
2 дақиқада ўқилади

Centrum Air бир ўринга 2 та чипта сотиши натижасида икки фуқаро Истанбул аэропортида қолиб кетди

Ҳолат 26 сентябр куни юз берган. Фуқаро Centrum Air сайти орқали Истанбул–Наманган йўналиши учун 2 та чипта сотиб олган. Аммо авиакомпания томонидан ортиқча чипта сотилгани натижасида у ва турмуш ўртоғи самолётга сиғмай, Истанбул аэропортида қолиб кетган. Бир суткадан сўнг уларга мажбурий равишда Истанбул–Тошкент рейсида парвоз қилиш таклиф этилган.

Фото: Centrum Air

Centrum Air авиакомпанияси хатоси билан Истанбул–Наманган рейсига сиғмай қолган фуқароларга компенсация ундириб берилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, фуқаро 2025 йил 26 сентябр куни Centrum Air сайти орқали Истанбул–Наманган йўналиши учун 2 та чипта сотиб олган бўлса-да, авиакомпания томонидан ортиқча чипта сотилгани натижасида у ва турмуш ўртоғи самолётга сиғмай, Истанбул аэропортида қолиб кетишган. Бир суткадан сўнг уларга мажбурий равишда Истанбул–Тошкент рейсида парвоз қилиш таклиф этилган ва фуқаролар шу рейсда қайтиб келган. У мазкур ҳолатдан норози бўлиб, истеъмолчилик ҳуқуқлари тикланиши юзасидан Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.

Centrum Air авиакомпанияси ўз хатоси сабаб юзага келган ноқулайлик учун фуқаро билан келишилган ҳолда қуйидаги компенсация ва имтиёзларни тақдим этган:

  • 500 евро миқдорда компенсация;
  • қўшимча 865 200 сўм пулли товон;
  • авиакомпаниянинг исталган йўналишларига кейинги сафар 20 фоиз чегирма берувчи промокод;
  • 23 кг қўшимча бепул багаж;
  • парвоз давомида самолётнинг биринчи қаторидаги жойлардан бепул фойдаланиш имконияти.
Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид