Жаҳон | 01:16 / 27.04.2020
9186
2 дақиқада ўқилади

Италия бош вазири 4 майдан карантин чоралари юмшатилишини эълон қилди

Италияда 4 майдан карантин чоралари юмшатилади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жузеппе Конте матбуот анжуманида маълум қилган.

Фото: Getty Images

«Аста секин ҳаётни тиклашимиз керак, аммо жуда эҳтиёткорлик билан. 4 майдан заруратсиз юриш чеклови сақлаб қолинган ҳолда оилавий кўчада юришга рухсат берилади. Ижтимоий масофани сақлаган ҳолда, албатта. Байрам ва тадбирлар ўтказишга ҳали рухсат йўқ.

4 майдан спортчилар ҳам машғулотларга қайтиши мумкин. Фақат миллий манфаатлар учун хизмат қиладиган спортчилар Италия МОҚ ҳамда ассоциациялар рухсати билан шуғулланишлари мумкин бўлади.

Турли савдо дўконлари, ресторанлар, кўргазма ва музейлар, шунингдек, гўзаллик салонлари ҳамда жамоавий машғулот ўтказиш жойларини 18 майдан очишга қарор қилдик», деган Конте.

Жузеппе Конте. Фото: twitter.com/GiuseppeConteIT

Италия бош вазири 4 майдан овқатларни олиб кетиш хизмати ҳам тикланишини маълум қилди. Аммо ўтириб овқат ейиш мумкин эмас, уни фақат олиб кетиб уйда ёки иш жойида тановул қилишга рухсат этилади. Конте мактабларни очиб, таваккал қилиб бўлмаслигини айтди. Мактаблар ўқув йили якунигача очилмайди ва Контенинг айтишича, ҳукумат сентябрда янги ўқув мавсуми учун мактабларни очиш устидагина бош қотирмоқда.

27 апрель 00:50 ҳолатига кўра, Италияда коронавирус юқтирганлар сони 198 мингдан ошган. Улардан 65 мингга яқини тузалган бўлса, 26 мингдан кўпроқ италиялик вирус сабаб ҳалок бўлган.

Мавзуга оид