Жаҳон | 00:36 / 28.04.2020
15268
2 дақиқада ўқилади

«Биз бу жангда ғолиб бўлдик» – Янги Зеландия бош вазири мамлакат коронавирусни енгганини эълон қилди

Фото: AFP

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн мамлакат коронавирусни енгганини эълон қилди. Унинг айтишича, вирусга чалинишнинг янги ҳолатлари аниқланмаган.

«Янги Зеландияда бугун коронавирус тарқалиш ҳолатлари аниқланмади. Биз бу жангда ғолиб бўлдик», деб Жасинда Ардерннинг сўзларини келтирмоқда ВВС. Бош вазирнинг айтишича, мамлакат карантин чораларини эрта киритгани ва фуқароларнинг унга амал қилгани натижасида касалликни енгишга эришган.

Янги Зеландия касалланганлар сони бир неча нафар бўлгандаёқ карантин жорий этганди. 26 мартдан мамлакатда мактаб, офис ва пляжлар ёпилган. Экспертларнинг айтишича, Янги Зеландияга коронавирусни енгишда географик жойлашуви ёрдам берган. Мамлакат орол бўлгани учун чегараларни ёпиш ва иммиграцияни назорат қилишда қийналмаган.

Душанба куни мамлакат карантиннинг тўртинчи даражасидан учинчи даражасига қайтди. Вирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланмани сабаб корхоналарга фаолиятини тиклашга рухсат берилди. Аммо ижтимоий масофани сақлаш тартиби бекор қилинмайди.

Guardian`нинг ёзишича, мактаблар қисман тикланиши мумкин. 10 ёшгача бўлган болалар мактабларга қайтишига рухсат берилади, чунки улар масофавий таълим олишда қийналган.

«Биз иқтисодиётни тиклаймиз, аммо ижтимоий ҳаётни эмас», деган Жасинда Ардерн Янги Зеландияда ишлаб чиқариш қайта тикланиши ҳақида. 28 апрелдан мамлакатда миллионлаб одамлар ишга қайтишлари мумкин бўлади.

Маълумот учун, Янги Зеландияда 1 122 киши коронавирус юқтирган ва 19 та ўлим ҳолати қайд этилган. 27 апрель куни мамлакатда бирорта вирус юқтириш ҳолати аниқланмаган.

Мавзуга оид