Божхоначилар «гашиш» операциясини фош этишди
Тезкор тадбир давомида ушбу шахслардан олиб қўйилган гашишнинг умумий миқдори 113.25 гр.ни ташкил қилди.
Республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўзаро ҳамкорликда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги қонунбузарлик ҳолатларини фош қилишди.
Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган 2 нафар фуқаролар тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш жараёнида фуқаро Х.А.нинг чўнтагидан 5 дона қоғоз ўрамларига жойланган гашиш гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Фуқаро Б.Б. ёнидан фуқаро Х.А. томонидан наркотик моддаларни сотиб олиш эвазига берилган 2 млн. 827 минг сўм ҳамда 200 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди
Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур фуқароларнинг Сергели ва Янгийўл туманларидаги хонадонлари ҳам белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам 2 дона елим ўрамларда гашиш гиёҳвандлик воситаси сақланаётгани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида ушбу шахслардан олиб қўйилган гашишнинг умумий миқдори 113.25 гр.ни ташкил қилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда гашиш гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний муомаласи фош этилди.
Зангиота туманида ҳаракатланаётган “Ласетти” автомашинаси тўхтатилиб, Давлат божхона қўмитаси Миллий кинология марказида тайёрланган хизмат итлари ёрдамида кўздан кечирилганида, автомашинада йўловчи сифатда кетаётган шахс – фуқаро Я.Ш.нинг ўриндиғи остидан ушбу фуқаро томонидан яшириб қўйилган 1 дона полиэтилен пакетга ўралган 58,99 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик моддаси ҳамда наркотик моддаларни сотиб олиш учун кўзланган 1050 АҚШ доллари борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, фуқаро Я.Ш. мазкур гиёҳвандлик моддаларини укасидан олган, укасига эса Андижон вилоятидан фуқаролар М.Р. ва Л.А. етказишган.
Тезкор тадбир давомида ушбу шахслар вақтинча истиқомат қилаётган Яккасарой туманидаги хонадон ҳам холислар иштирокида ва амалдаги тартибларга асосан кўздан кечирилди.
Бу ерда эса гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда фойдаланилган махсус ишлов берилган жисмлар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, республика божхоначилари томонидан йил бошидан буён ҳозирга қадар аниқланган 115 та қонунбузарлик ҳолатларида оғирлиги 22 кг.дан ортиқ, шунингдек, 4888 та таблетка кўринишидаги гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган.
Мавзуга оид
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
23:41 / 11.01.2023
Заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича енгиллик берилди
07:32 / 07.01.2023
Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини аниқлаш тартиби ўзгаради
08:28 / 28.12.2022