Ўзбекистон | 10:54 / 29.04.2020
8900
3 дақиқада ўқилади

Тугатилаётган фермер хўжалигига ажратилган ерга сарфланган харажатларни қоплаш тартиби қандай?

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектларга ажратилган ер майдонига сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тасдиқланади.

Фото: Flickr

Вазирлар Маҳкамасининг “Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектларга ажратилган ер майдонига сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ер майдонида сарфланган қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:

кўчатлар, кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтлар, уларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари;

қишлоқ хўжалиги экинларни суғориш мақсадида ўрнатилган томчилатиб суғориш тизимлари, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш насос станциялари ва ариқ-зовурлар қазиш, уларни таъмирлашга кетган харажатлар (давлат бюджети ҳисобидан ажратилган субсидия маблағлари бундан мустасно);

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида бажарилган агротехник тадбирлар (ерларни бегона ўтлардан, тош ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, ер майдонларини текислаш, ҳайдаш, экишга тайёрлаш);

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етиштириш учун сарфланган харажатларни, етказиб берилган моддий-техник ресурслар ва кўрсатилган хизматлар бўйича юзага келган қарздорликларини;

ишлаб чиқариш мақсадлари учун бошқа инфратузилма объектлари газ, электр, оқова ва ичимлик сув, канализация тармоқлари қурилишга кетган харажатлар;

чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қурилган иншоотлар ва бошқа объектларни қуриш ва таъмирлашга кетган харажатлар;

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси доирасида фойдаланишдан чиққан ерларни оборотга киритиш мақсадида сарфланган харажатлар ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан ер участкасида сарфланган бошқа харажатлар.

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер майдонида сарфланган харажатларни қоплаш юзасидан қишлоқ хўжалиги корхонаси ва талабгор ўртасида келишувга эришилган тақдирда ўзаро келишув (келишилган нархлар) асосида амалга оширилади. Бунда харажатлар қиймати, уларни қоплаш тартиби ва муддати тарафлар ўртасида тузиладиган келишув шартномасида назарда тутилади ҳамда белгиланган тартибда нотариал тартибда тасдиқланади.

Агар тарафлар ўртасида шундай келишувга эришилмаган тақдирда қопланиши лозим бўлган харажатлар қиймати низомга мувофиқ баҳолаш натижалари асосида аниқланади.

Мавзуга оид