Аслида чет эл фуқаролари ва компанияларига ер қандай асосларда ажратилади? Завод ёки бошқа объект қурилиши ушбу ернинг хорижий компания мулкига ўтганини билдирадими? Шу каби масалаларни ҳуқуқшунос Шерзод Пирматов таҳлил қилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сезиларли фаоллашди. Чет эл компаниялари иштирокида саноат, энергетика, автомобилсозлик, транспорт ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Инвестициялар ҳажми ошиши билан бирга, Ўзбекистонда чет эл компаниялари иштироки кенгайиб, мамлакатга келаётган хорижликлар сони ҳам ортмоқда. Бу эса жамоатчилик орасида турли саволлар ва хавотирларни юзага келтирмоқда.

Хусусан, ижтимоий тармоқларда «хориж компаниялари, айниқса, хитойликлар Ўзбекистон ерларини сотиб оляптими?», «хитойлик инвесторларга катта ҳудудлар бериб юборилмаяптими?» каби саволлар кўп муҳокама қилинмоқда. Айримлар йирик инвестиция лойиҳалари учун ер ажратилишини мамлакат ерларининг хорижликлар қўлига ўтиши сифатида баҳоламоқда.

Аслида хорижий компанияга ер ажратилиши нимани англатади? Бошқа давлат инвесторлари Ўзбекистондан ер сотиб олиши мумкинми? Завод ёки бошқа объект қурилиши ушбу ҳудуд хорижий компания мулкига ўтганини билдирадими?

Бу саволларга жавоб топиш учун Ўзбекистон қонунчилигида ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш қандай тартибга солинганини кўриб чиқамиз.

Ер сотилиши ва ердан фойдаланиш ҳуқуқи — икки хил тушунча

Ер ҳар қандай давлат учун энг муҳим ресурслардан бири ҳисобланади. Шу сабабли мамлакатларда ер муносабатлари алоҳида қонунчилик орқали тартибга солинади.

Ўзбекистон Конституциясининг 68-моддасида ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида бўлиши белгиланган.

Ер билан боғлиқ муносабатлар эса Ер кодекси орқали тартибга солинади. Қонунчиликда ерга нисбатан бир нечта ҳуқуқ шакллари мавжуд. Масалан, ер мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши ёки ундан ижара асосида фойдаланилиши мумкин.