Ўзбекистон | 09:23 / 30.04.2020
18987
2 дақиқада ўқилади

Энди давлат божини ҳамма тенг тўлайди

Лойиҳа билан бир қатор нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун белгиланган давлат божи миқдорларининг ставкалари оптималлаштирилмоқда.

Фото: Shutterstock

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Масаланинг бир неча йиллардан бери қизғин мунозараларга сабаб бўлаётган прописка ва ички миграцияга тааллуқли эканлиги кўпчиликда қизиқишни кучайтирди.

Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган мамлакат фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйлардан уй сотиб олгани учун тўланадиган давлат божининг алоҳида юқори ставкаси бекор қилинмоқда.

Ҳозирги вақтда нотариал амалиётда, хусусан, битимларни тасдиқлаганлик ва мерос ишларини расмийлаштирганлик учун давлат божини ундиришда ёки давлат божини тўлашдан озод қилишда айрим тафовутлар мавжуд.

Халқ вакилларининг фикрича, ушбу лойиҳа билан давлат божидан озод қилиш, давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлаштирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани эътиборга молик.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган айрим тўловлар миқдорининг дифференциал тарзда ҳисоблаб чиқариш тартиби уларни ундиришда тафовутлар келиб чиқишига сабаб бўлаётганини кўриш мумкин.

Шу боис, мазкур лойиҳа билан бир қатор нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун белгиланган давлат божи миқдорларининг ставкалари оптималлаштирилмоқда.

Депутатлар қайд этишганидек, ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши билан давлат божи ставкалари оптималлаштирилади, давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари аниқлаштирилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Мавзуга оид