Жаҳон | 20:07 / 30.04.2020
4661
2 дақиқада ўқилади

Испаниянинг собиқ бош вазири карантинни бузгани учун жаримага тортилиши мумкин

Карантин тартибини бузганлиги учун Мариано Рахой 601 евродан 1500 еврогача жаримага тортилиши мумкин.

Мариано Рахой / Фото: EPA

Испания собиқ бош вазири Мариано Рахой карантин тартибини бузгани учун жаримага тортилиши мумкин.

Аввалроқ La Sexta телеканали Рахой спортча юриш билан шуғулланаётгани тасвирланган видеолавҳани намойиш этганди. Испанияда 14 мартдан буён юқори даражадаги шайлик режими амал қилмоқда, унга кўра, кўчага фақатгина дўкон ёки дорихонага, ишга бориш учун чиқиш мумкин. Спорт билан шуғулланишга қўйилган чекловлар 2 майдан бекор қилинади.

Миллий полиция телеканалда намойиш этилган лавҳа бўйича текширув ўтказди ва ҳукуматнинг полиция баённомалари бўйича жарима қарор чиқарувчи ваколатхонасига ўз хулосасини йўллади.

Efe агентлиги манбаларининг сўзларига кўра, ваколатхона қонун Рахойга ҳам "бошқа ҳар қандай фуқарога бўлгани каби бир хил" эканлигини билдирган. 

Карантин тартибини бузганлиги учун собиқ бош вазир 601 евродан 1500 еврогача жаримага тортилиши мумкин.

Охирги маълумотларга кўра, Испанияда коронавирус юқтирганлар сони 240 мингга яқинлашган, 24,5 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Мавзуга оид