Жаҳон | 17:54 / 30.04.2020
39644
8 дақиқада ўқилади

«Нега бизда кўп, уларда кам?» – Коронавирус АҚШ-Хитой муносабатларига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Коронавирус бутун дунёдаги балансни ўзгартириб юборди. Ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий балансни. Бугун ҳамма бу дарди бедаводан қутулиш ҳақида ўйламоқда. Касаллик чекингач эса катта давлатлар айбдорни излашга тушиб кетиши аниқ. Бу касаллик айниқса АҚШ-Хитой муносабатларида янги саҳифа очиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Чингиз Айтматовнинг асарларидан бирида қизиқ ўхшатиш бор: «Бу давлатлар ҳоккей ўйинида киритилган шайбага ҳам сиёсий тус беришади». Адиб осмонга учирилган ракеталар баҳси ҳақида мулоҳаза юритаётиб мана шу ўхшатишни келтиради. Ҳа, бу ўхшатиш АҚШ ва СССР муносабатлари ҳақида айтилади. Ҳозир худди шундай принципиаллик АҚШ ва Хитой муносабатларида учрамоқда. Бу икки мамлакат имкон пайдо бўлиши билан бир-бирини «чақиб олиш»га ҳаракат қилади. Айниқса, АҚШ. Коронавирус эса оддий нарса эмас, нақ инсоният бошига тушган энг катта балолардан бири. Хуллас бу мавзу ҳали «узоқ ёнади».

Хитой нимада айбланмоқда?

28 апрель куни АҚШда коронавирус юқтирганлар сони 1 миллиондан ошди. Вирус пайдо бўлган Хитойда эса касалланганлар сони 82 мингдан кўпроқ. Ўзини барча соҳада етакчи деб ҳисоблайдиган АҚШда эса табиий савол туғилмоқда: нега бизда кўп, уларда эса кам? Қанақасига вирус пайдо бўлган мамлакатда касалланганлар 100 мингга ҳам етмайди-ю, дунёнинг нариги чеккасида жойлашган АҚШда миллиондан ортиқ одам вирус юқтирди?

Албатта, икки мамлакатнинг карантин чораларини таққосласангиз, нега Хитойда касаллик жиловланганини тушуниб оласиз, лекин Америка ва айниқса, Трамп ўз айбини тан оладиган ҳолатда эмас. Улар ҳар қанақасига Хитойни айблашга уринишади. Қизиғи, бу учун жўяли асослар келтиришмоқда.

Bloomberg’нинг маълум қилишича, апрель ойи бошида АҚШ разведкаси Дональд Трампга Хитой касалликнинг ҳақиқий қамровини яширишга уринаётгани ҳақида ҳисобот киритади. Бу эса коронавирусни доим «Хитой вируси» деб атайдиган Трамп учун айни муддао бўлди. Бутун мамлакатда Трампни карантин чораларини ўз вақтида жорий этмаганликда айблашаётган бир вақтда Трамп ҳамма айбни Хитойга юкламоқчи.

Трамп 15 апрель куни АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ортиқ пул бермаслигини эълон қилди. 18 апрелда эса у Хитойни вирус тарқалишида яна бир марта айблаб чиқди. АҚШ президентининг айтишича, ЖССТ касалликнинг тарқалишидан ўз вақтида огоҳлантирмаган.

ЖССТ узоқ вақт Уҳандаги лабораторияга кира олмаган бўлишига қарамай, Хитойдаги чораларни ўрнак қилиб кўрсатди. Бу эса коронавирусдан энг кўп жабр кўрган АҚШга ёқмагани аниқ. АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг айтишича, Хитой вирус мамлакатнинг ҳар бир провинциясида аниқланганига қадар касаллик одамдан одамга юқишини тасдиқламаган. Буни аниқлаш учун Уҳанга борган халқаро экспертларга эса касалларни текширишга рухсат беришмаган.

Помпеонинг фикрича, Хитой ЖССТ огоҳлантиргандан кейин ҳам касалликнинг қанчалик хавфли экани ҳақида маълумот бермаган. Шунингдек, Помпео Хитой коронавируснинг дастлабки намуналарини йўқ қилганини айтди. Шу сабаб энди касаллик эволюциясини назорат қилиш имконсиз ҳисобланади. АҚШ давлат котибининг сўзларига кўра, Хитой ўз намуналари билан танишишга бирор давлатга ҳам рухсат бермаган. Агар бу жуда жиддий айбловлар исботланса, чиндан Хитой оғир авҳолда қолиши мумкин.

Аммо баъзи нашрлар Хитой ўзида мавжуд маълумотлар, хусусан, вируснинг генетик кодини бошқалар билан ҳам бўлишгани ҳақида ёзган.

Оқ уй маслаҳатчиси Питер Наварро Хитойга қарши яна бир жиддий айбловни илгари сурди. Унинг айтишича, Хитой вакцина ишлаб чиқаришда биринчи бўлиш учун дастлабки касалланганларнинг анализларини яширмоқда. Аммо бу гапга ишониш қийин. Бу худди «Хитой касалликни вакцина сотиш учун чиқарган», деган тутуриқсиз тахминга ўхшаб қолади. Дунёнинг энг ишбилармон мамлакати пул топишнинг минг хил йўлини билади ва пул учун бутун дунёни заҳарлашдек ишга бормаслиги аниқ.

Вирус лабораторияда ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин

Коронавирус қандай пайдо бўлгани ҳалигача аниқ эмас. Унинг пайдо бўлиш манбайи сифатида кўршапалак келтирилмоқда. Яъни, қайсидир одам кўршапалакни еган ва ундан вирус тарқалган. Хитойда эса кўршапалак тугул бошқа ҳар қандай қуш ёки ҳайвонларни ейиш ҳам ажабланарли ҳолат эмас. Олимлар коронавирус қандай пайдо бўлганини аниқлаши учун йиллар кетса керак. Чунки илк марта 1976 йил аниқланган Эбола вирусининг аниқ манбаси ҳозиргача маълум эмас.

15 апрелда эса барчани ҳайратга соладиган маълумот пайдо бўлди. Трамп кўп мақтайдиган Fox News ўз манбасига асосланиб, вирус Уҳандаги лабораторияда яратилгани, у тажрибада қатнашган тадқиқотчилардан бирига юқиш орқали тарқалганини эълон қилди.

Олдинроқ Washington Post ҳам бу борада мақола эълон қилган. Унда ёзилишича, америкалик дипломатлар 2018 йил Уҳандаги лабораторияга бир неча марта борган ва у ерда кўршапалаклар устида хавфли тажрибалар ўтказилаётганини аниқлашган. Дипломатлар Вашингтонга Уҳандаги лаборатория хавфли эканидан огоҳлантириб хат юборишган.

Шу ўринда таъкидлаш керак, Уҳан вирусология институти кўршапалакдаги коронавирусни ўрганаётганини яширмаган. Бу институт илмий ходими бўлган Ши Женли 2005 йилдаёқ кўршапалак коронавируснинг манбаси эканини аниқлаган. Ҳатто унинг тадқиқотлари натижаси Science журналида ҳам эълон қилинган.

23 январь куни Ши Женли ва бошқа хитойлик олимлар чиқиш қилиб, янги турдаги коронавирус ҳамда 2013 йил кўршапалакда аниқланган вирус ўртасидаги ўхшашлик даражаси 96 фоиз эканини айтишди. Шунга ўхшаш вирус панголинда ҳам аниқланган.

Расмий маълумотларда эса коронавирус табиий ҳолатда пайдо бўлгани айтилади. Хусусан, ЖССТ ҳам коронавирус одам томонидан яратилиши мумкин эмаслигини маълум қилган. Бу фикрга қарши олимлар ҳам йўқ эмас. Нобель мукофоти лауреати бўлган франциялик вирусолог Люк Монтаньенинг фикрича, коронавирус тажрибалар натижаси ва унинг тузилиши ўзгартирилган. Аммо олим буни илмий жиҳатдан исботламаган.

Коронавирусдан кейинги ҳаёт учун интрига

АҚШ бежиз Хитойни айблашга уринаётгани йўқ. Бир томондан принцип масаласи, бундан ташқари, Хитой коронавирусга қарши курашни АҚШдан яхшироқ эплади деган гапни америкаликлар кўтара олиши қийин. Буни ҳатто иснод деб ҳам қабул қилишади. АҚШ коронавирус юқтирганлар сони кўпайиб кетганига сабаб қилиб асло мамлакатда карантин чоралари кечикиб жорий қилинганини кўрсатмайди. Бунга орийларга хос ғурур йўл қўймайди.

Бугун ҳамма вирусдан қутулиш ҳақида ўйламоқда, аммо коронавирусдан кейинги ҳаётда давлатларнинг бир-бирини айблаши кўпаяди. Айниқса Хитой ва АҚШ ўртасида.

Дарвоқе, Хитойда ҳам Американи айблашга улгуришди. Уҳанда коронавирус тарқалишидан бироз аввал армия ўйинлари ўтказилган ва унда америкаликлар аскарлар ҳам қатнашган. Хитойда вирусни америкалик аскарлар тарқатди деган гап бир пайдо бўлди-да, тезда йўқолди. Ҳозир АҚШда вирус юқтирганлар сони миллиондан ошиб кетди ва вирусни америкаликлар Хитойга олиб борди деган гап ўз маъносини йўқотди. Чунки АҚШ миллионлаб фуқароларини хавф остида қолдирган ҳолда номаълум касалликни тарқатиши шунчаки мантиқсизлик.

Вирус нега Хитойда камроқ, АҚШда кўп бўлганини эса оддий сабаблар билан изоҳлаш мумкин. Хитой ўз вақтида кескин карантин чораларини жорий этди ва одамларни уйдан чиқармасликка эришди. Америка эса бошида хотиржамликка берилгани учун касалликнинг жиловини қўлдан чиқарди.

Коронавирусдан кейинги ҳаётда ҳам бу вирус машмашаси ҳали узоқ давом этади. Масалан, АҚШ асосий савдо рақобатчиси Хитойга қарши янги санкциялар жорий этиш учун коронавирусни сабаб қилиб кўрсатиши тобора ҳақиқатга яқин бўлиб бормоқда...

Мавзуга оид