Лабораторияда гўшт етиштириш ғояси

Лабораторияда ишлаб чиқарилган гўшт тушунчаси бир қараганда ғайритабиий янграйди. Чунки инсоният гўштни жониворлар танасидан бошқа манбадан олиш ҳақида 30-40 йил олдин хаёлига ҳам келтирмаганди. Бу ғоя 2000 йиллардан бери оммалаша бошлаган. Жейсон Масен исмли тадқиқотчи New Harvest нотижорат тадқиқот марказини тузиб, илк маданий гўшт етиштириш изланишларини шу ерда олиб боради. Ўша пайтда бундан асосий мақсад гўшт етиштириш саноати туфайли зарар кўраётган экологияни яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўлгани айтилади.

Орадан 10 йиллар ўтиб, 2013 йилда немис фармацевти Марк Пост маданий гўштдан тайёрланган илк ҳамбургерни оммага намойиш қилади.

Маданий гўштдан тайёрланган илк ҳамбургер

Тайёрланиши 330 000 долларга тушган маданий гўшт кейинчалик турли йирик компанияларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Ўнлаб компаниялар бозорга маданий гўшт олиб кириш пойгасига қўшилди.

Бундай гўшт савдосига илк марта 2020 йилда Сингапурда рухсат берилганди. 2023 йилда эса АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Upside Foods ва Good Meat фирмаларига маданий гўшт маҳсулотини ишлаб чиқаришга рухсат берди. Шундай қилиб, АҚШ Сингапурдан кейин лабораторияда етиштирилган гўштни сотишга рухсат берган иккинчи давлатга айланди. Upside Foods буни “орзулар рўёбга чиқиши” ва “янги даврнинг бошланиши” деб атаган. 

Маданий гўшт тайёрланиш жараёни

Лабораторияда етиштириладиган гўшт табиий ҳайвон гўштидан катта фарқ қилмайди. Чунки уни тайёрлашда ҳам ҳайвон ҳужайрасидан фойдаланилади. Жонивордан ажратиб олинган ҳужайраларга кейинчалик оқсил, шакар ва ёғ каби озиқ моддалар қўшилади.