Жаҳон | 08:38 / 01.05.2020
25543
4 дақиқада ўқилади

Ривожланган давлатларда тиббий ёрдамга мурожаатлар камайиб кетди. Бу шифокорларни хавотирга солмоқда

Кўплаб ривожланган давлатларда одамлар коронавирус юқтириб олишдан қўрқиб, асосли сабаблар бўлса-да тиббий ёрдамга мурожаат қилишга шошилишмаяпти. Шунингдек, пандемия даврида телемедицина, масофадан туриб даволаш амалиёти оммалашиб бормоқда.

Фото: AFP/Getty Images

Экспертларнинг фикрича, коронавирус қўрқуви баъзи бошқа беморларнинг тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланмасдан уйда қолишларига сабаб бўлмоқда. Бу билан улар ўз ҳаётларини хавф остига қўяётган бўлишлари мумкин, дейилади Жаҳон иқтисодий форуми сайтидаги мақолада.

Британия юрак касалликлари ташкилоти маълумотига кўра, мамлакатдаги касалхоналарга юрак хуружи билан мурожаат қилувчи беморлар кўрсаткичи март бошидан бери тенг ярмига камайган: март ойида бошида кунига ўртача 300 киши эҳтимолий юрак хуружи симптомлари билан тез ёрдамга мурожаат қилган бўлса, март ойи охирида бу рақам 150 нафарга тушиб қолган.

Ташкилот юрак-қон томир касалликлари – зудлик билан ёрдам кўрсатишни талаб қиладиган касаллик сирасига киришини айтиб, вақтида шифокорга мурожаат қилмаслик ўлим хавфини оширишидан огоҳлантирган.

Буюк Британия Жамоат саломатлиги шошилинч ёрдам кузатув тизими ҳам тез тиббий ёрдам чақириқлари камайганини маълум қилган.

Тез тиббий ёрдам сўраб мурожаат қиладиган беморлар сони март ойида аввалги ойга солиштирганда учдан бирга, яъни 8 мингга камайган. Қайд этилишича, мурожаатлар камайиши муайян бир турдаги касалликлар билан боғлиқ эмас. Бир вақтнинг ўзида кўплаб турдаги хасталиклар, шу жумладан, юрак касалликлари, астма ва ўткир ошқозон-ичак етишмовчилиги безовта қиладиган беморлар камайган.

Бошқа давлатларда ҳам, масалан, Шимолий Ирландия, Испания ва АҚШда ҳам юрак касалликлари беморлари сони ва бу бўйича мурожаатлар кескин камайган.

Жумладан, АҚШда ҳам юрак хуружи бўйича тезкор мурожаатлар ҳозирда камида 50 фоизга пасайган. Бу ҳақда АҚШ кардиологлари онлайн жамияти маълум қилган.

Бу мавзуга Йель университетининг тиббиёт профессори Ҳарлан Крумҳолз ўзининг The New York Times нашрида эълон қилинган  мақоласида кенгроқ урғу беради.

«Нормал вақтларда шифохонамиз, одатда, касаллар билан тўлиб кетарди. Улар кўчма диванларда умумий палаталарда жой бўшашини кутиб йўлакларда ҳам туриб қолишарди. Бундан олдин диванлар бўш қолганини кўрмаганман», - дейди доктор.

Профессор Крумҳолз кўтарган мавзудан кейин твиттерда унинг ҳамкасблари ҳам ўз хавотирларини ошкор қила бошлайди: юрак касалликларидан ташқари, ўткир аппендицит ва ўт пуфаги касалликлари билан мурожаат қилувчилар ҳам камайган.

Кўпгина давлатларда пандемия тиббий хизматга бўлган талабни ўзгартириб юборди. COVID-19дан хавфсираб шифохона ёрдамидан фойдаланиш истагида бўлган беморлар сони камайган бир пайтда телемедицинадан фойдаланувчилар ошиб бормоқда. Яъни беморлар масофадан туриб даволанмоқда.

Бундан ташқари, айрим тиббий хизматлар тўхтатиб қўйилган. Масалан, Буюк Британияда саратон касалликлари учун скрининг ва тест хизматлари вақтинча тўхтатилди. Буюк Британия саратон касалликлари тадқиқот маркази маълумотларига кўра, ҳозир тахминан 200 минг ичак, кўкрак ва бачадон бўйни саратони учун текширувлар кечиктирилган.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда карантин чекловлари ҳали қатъий тартибда давом этаётган бўлса-да, Европанинг бошқа давлатлари – Франция, Италия ва Испания бизнеснинг маълум қисмига қайта очилишга рухсат берди.

Швейцарияда ҳам Федерал кенгаш иқтисоднинг маълум қисмларига иш ўринларига қайтишга рухсат берган. Бу ерда ҳозир шифохоналар беморларга шошилинч бўлмаган хизматларни ҳам кўрсатиши ва уларни даволаш учун олиб қолишлари мумкин. Лекин ижтимоий масофа сақлаш тамойили долзарблигича қолмоқда.

Мавзуга оид