Жаҳон | 09:03 / 01.05.2020
20202
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ким Чен Иннинг аҳволидан хабари борлигини маълум қилди 

АҚШ расмийлари Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан нима юз бераётганидан хабари бор, бироқ бу ҳақда эълон қилмоқчи эмас. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда журналистлар саволларига жавобан маълум қилди.

Фото: AFP 2020 / Saul Loeb

«Нима юз бераётганини тушунаман, шунчаки ҳозир Ким Чен Ин ҳақида гапира олмайман. Барчаси яхши бўлишига умид қиламан. Билганим шуки, вазият ёмон эмас», деган Трамп.

Ким Чен Ин 11 апрелда Корея меҳнат партияси марказий қўмитаси сиёсий бюроси йиғилишидан кейин омма олдида кўриниш бермаяпти. Жумладан, Шимолий Корея етакчиси 12 апрелда Олий халқ йиғинининг ҳар йиллик сессиясига ташриф буюрмаган ва ўз ҳокимияти даврида биринчи марта бобоси Ким Ир Сен таваллудининг нишонланишида иштирок этмаган.

Шундан кейин Ким Чен Ин касал бўлиши мумкинлиги ҳақида гаплар тарқалган.

Кейинроқ CNN телекомпанияси АҚШ маъмуриятидаги манбага асосланиб, Вашингтонда Ким Чен Ин жарроҳлик амалиёти ўтказгандан кейин соғлиғи ёмонлашгани ҳақида разведка маълумотлари ўрганилаётганини маълум қилган. Бироқ Трамп ундаги маълумотларга кўра, ушбу ахборот ҳақиқатга мос эмаслигини маълум қилган. Жанубий Корея расмийлари ҳам Ким Чен Ин бетоблиги ҳақида ахборотга эга эмасликларини айтишган, Хитой ташқи ишлар вазирлигида эса СNN манбасига шубҳа билдирилган.

Мавзуга оид