24 млн сўмлик телефон аппаратларини ўғирлаган шахслар қўлга олинди
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
2020 йил 31 март кунидан 1 апрель кунига ўтар кечаси, 30 ёшли Д.А. таниши, 28 ёшли Р.А. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Урганч шаҳар Гурлан кўчасидаги дўконга кириш эшигини темир жисм билан очиб ғайриқонуний равишда ичкарига кирган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар умумий баҳоси 24 011 000 сўмлик телефон аппаратлари ва турли хилдаги бошқа маиший техника воситаларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Ҳолат юзасидан Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Р.А. ва Д.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида Д.А.дан ўғирлик натижасида қўлга киритилган буюмлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Д.А. ва Р.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 227-моддаси 2-қисми “а” банди (ҳужжатларни эгаллаш) ва 169-моддаси 3-қисми “а” (ўғирлик) банди билан айб эълон қилиниб, “шахсий кафиллик” эҳтиёт чораси қўлланилган.