Анъанавий ўзбек бозорлари пандемия сабабли ўз мижозларини супермаркетларга бой бермоқда – Reuters
Ўзбекистондаги чакана озиқ-овқат савдосида етакчи ўринни эгаллаб келган анъанавий турдаги бозорларда пандемия муносабати билан харидорлар камайиб, ижтимоий масофаланиш янги норма сифатида қабул қилинаётган ҳозирги даврда мижозлар супермаркетларга кўпроқ мурожаат қилишмоқда.
Жорий ҳафта Reuters агентлиги ва The New York Times газетаси эълон қилган мақолада шу ҳақда сўз боради.
Дунё бўйлаб саноатнинг қатор соҳаларида компаниялар кенгайиш бўйича режаларини кечиктираётган бир пайтда, Ўзбекистондаги айрим озиқ-овқат ритейлерлари олға қадам босишяпти – улар коронавирус сабабли мижозлар ўз одатларини ўзгартириши, бу орқали супермаркетлар харидорларни жалб этиш бўйича анъанавий бозорлардан ўзиб кетишига ишонишяпти.
Мисол учун, БААнинг Majid Al Futtaim компанияси шу йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон пойтахтида ўзининг илк Carrefour дўконини очишини эълон қилган. Қурилиш ишлари карантин шароитида ҳам давом этмоқда.
«Биринчи босқичда – 2020 йилда тўртта дўконимиз очилади, улардан учтаси супермаркет, биттаси гипермаркет бўлади», – деди Дубайдаги компания ижрочи директори Ҳани Вейсс Reuters мухбири суҳбатда.
Франциянинг йирик ритейлери – Carrefour билан тузилган франшиза келишуви асосида иш олиб борувчи Majid Al Futtaim Ўзбекистон бозорига кириш учун тахминан 11 млн доллар йўналтирмоқда. Қўшимчасига, келгуси йилларда тармоқнинг мамлакатда кенгайиб бориши учун йилига 10 млн доллардан инвестиция киритиб бориш режалаштирилган.
Маҳаллий супермаркетлар тармоғи Korzinka.uz 2023 йилгача дўконлари сонини уч баробарга ошириш стратегиясини ишлаб чиққан эди.
Аммо компания асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимовнинг айтишича, бу йил очиладиган янги дўконлар сони пандемия туфайли аввал режалаштирилганидан камроқ бўлиши мумкин. Айни пайтда, компания тезлик билан ўсиши эҳтимоли юқори бўлган онлайн харидлар соҳасига кўпроқ эътибор қарата бошлаган.
«Пандемия – молиявий ёстиқчаси йирик тармоқларга қараганда кичикроқ бўлган бозорлардаги баъзи сотувчилар ва аҳоли яшаш жойларидаги кичик дўконлар фаолияти тўхтатишига олиб келиб, Ўзбекистондаги ритейл соҳаси модернизациясини тезлаштириши эҳтимолдан холи эмас.
Ўрта ва узоқ истиқболда харидорларнинг танлови ва бозорлик қилиш одатлари катта эҳтимол билан ўзгаради. Санитария, хавфсизлик ва гигиена кўпроқ аҳамият касб эта бошлайди», – дейди Зафар Ҳошимов.
«Биз бу талабни қониқтириш, тўла замонавий ритейл хизматларини таклиф этишимиз учун уч баробар эмас, ўн баробарга кенгайишимиз керак», – дея қўшимча қилган у.
Ўзбекистондаги чакана озиқ-овқат савдоси соҳасига оид мукаммал статистик маълумотлар йўқ. Шундай бўлса-да, SAD Marketing рақамларига таяниб Ҳани Вейсс берган маълумота кўра, Тошкентда бу бозорнинг қиймати 2018 йилда 3,4 миллиард долларга тенг бўлган ва бу рақам 2023 йилга бориб 5 миллиардга етиши кутиляпти.
«Тошкент аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан икки қисмини анъанавий бозорлардан, чорак қисмдан кўпроғини яшаш манзилларидаги кичик савдо дўконларидан харид қилади. Йирик ва замонавий супермаркетларнинг бозордаги улуши бор-йўғи 4,4 фоиз, лекин бу рақам беш йилдан кейин уч баробарга ошиши мумкин», – дейди Majid Al Futtaim компанияси ижрочи директори Ҳани Вейсс.
Шунга қарамай, Вейсс ҳам, Ҳошимов ҳам бир масалада якдил фикр билдиришди: супермаркетларнинг ўсишида энг муҳим омил – таъминот масаласи, яъни ишлаб чиқариш ва импортда муаммолар юзага келмаслиги билан боғлиқ.
Мавзуга оид
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
08:00 / 07.10.2024
Тошкентдаги Ибн Сино бозори биноси сотувга қўйилди
17:25 / 24.08.2024
“Бир болага 500 мингдан 1 млнгача” – ўзбекистонликлар мактаб бозорига қандай тайёрланишяпти?
21:09 / 25.07.2024