Жамият | 20:00 / 03.05.2020
16154
9 дақиқада ўқилади

Поклик – иймондандир. Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулла домла Турматов билан суҳбат

Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилаётган туркум суҳбатларимизнинг навбатдаги сони поклик ҳақида бўлади. Бу борада Ислом таълимотларини бизга Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулла домла Турматов сўзлаб берди.

Ислом поклик узра барпо қилингандир

Ислом тўлалигича поклик дини дейилади. Бу мавзуни очиб бериш, янада тушунарли ва таъсирлироқ бўлиши учун бир воқеани кўз олдимизга келтиришимизни истар эдим. Мана, инсон бу фоний дунёда умрини яшаб бўлганидан кейин, охиратга сафар қилиш чоғида майитни ювиш маросими бор. Ювиб, поклаб, хушбўйлантириб, оппоқ матога ўраб, елкамизга кўтариб, ер бағрига қўямиз. Бир неча кун ичида шишиб, ёрилиб, чириб тупроққа айланиб кетадиган инсонга бўлган муносабат. Мана, биргина вафот этган инсонга динимизнинг муносабати.

Ана энди, инсон туғилганидан бошлаб, то вафот этгунгача бўлган даври тамомий покликдан иборатдир. Мана, боланинг туғилишидан бошлаб, уни ювинтириш, чўмилтириш, сочини олиши-ю, емоқ-ичмоғи, яшаш шароитининг ҳаммаси покликдир. Шунинг учун пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссалом: «Ислом поклик узра барпо қилингандур», деб марҳамат қилдилар.

Аллоҳ пок инсонларни яхши кўради

Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримнинг Тавба сураси 108-оят шундай марҳамат қилади:

«Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради».

Демак, тозаликни, покликни яхши кўрган инсонни Аллоҳ таоло ҳам яхши кўради. Динимизнинг шиори – шу. Демак, поклик – диннинг шиори. Қуръонда кўрсатилган кўрсатма ҳам покликка, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг ҳам жуда катта қисми инсон ҳар жиҳатдан покиза бўлиши зарурлигига далолат қилади.

Тошкент вилояти бош имом хатиби
Хайрулла Турматов

Аллоҳ бандасининг қалби ва амалига қарайди

Мана энди биз поклик масалаларини баён қилишда нимага мурожаат қиламиз? Албатта, динимиз ҳукмларига, Қуръони Каримга, ҳадисларга, саҳобаи киромларнинг қавлларига, одатларига.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муборак ҳадиси шарифларида айтадиларки: «Аллоҳ таоло сизнинг суръатингизга, мол-у дунёнгизга қарамайди. Аллоҳ сизнинг қалбингизга ва қиладиган амалларингизга қарайди».

Нима учун қалбга назар солади деганда, қалб – иймоннинг ватани. Иймон поклик бор жойда бўлади, иймон бор жойда поклик бўлади. Бу икки нарса бир-бирини тўлдиради.

Пок инсоннинг амаллари ҳам пок бўлади

Бир нарсани билсинларки, пок инсоннинг аъзоларига ҳам пок амаллар чиқади. Яъни қалб гўзаллиги инсон аъзоларининг амалларида ифодаланади. Қалби покиза бўлган инсон аъзолари билан нопок иш қилмайди. Нопок ишни қилаётган инсоннинг «қалбим покиза», деб қилган даъволари ҳақ даъво бўлмайди.

Энди инсоннинг ташқи поклигига эътибор қаратадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқи кўринишда ғуслни ўргатдилар. Поклик манбайи бўлмиш кунда беш марта таҳорат қилишни ўргатдилар ва айтдиларки: «Инсон бир кунда беш марта эшиги олдидаги анҳорда покланса, унда кир қоладими? Беш вақт намоз ҳам шундай. Инсоннинг билиб-билмай қилган гуноҳлари кечирилади».

Ҳалол ризқ учун меҳнат қилаётган инсон ибодатдадир

Ибодатдаги инсон либосининг пок бўлиши ҳам суннат. Пайғамбаримиз алайҳиссалом нопок либосда ибодат қилишдан қайтардилар.

Агар Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилинса, инсон ҳаётининг кўп қисми ўзи ибодат. Ибодат деганда фақат намоз ва рўзани тушуниш керак эмас. Ҳалол ва пок ният билан меҳнат қилаётган инсон ибодатда бўлади. Бир касб эгаси яхши ният билан бошқаларнинг ҳожати, оғирини енгил, узоғини яқин қилиш учун ҳаракатда экан, у ҳам Аллоҳ йўлида ибодатда.

Қолаверса, оилавий ҳаёт ҳам ибодат. Демак қайси бир ўринда Аллоҳ ва Расулига хуш келадиган тарзда мўминнинг вақти ўтадиган бўлса, унинг бутун ҳаёти ибодатга айланади.

Аллоҳ фақат нопок нарсаларнигина ҳаром қилган

Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятларида: «Покиза нарсаларни сизларга ҳалол қилдим, нопок нарсаларни эса ҳаром қилдим», деб марҳамат қилади.

Демак, покиза нарсаларни истеъмол қилган луқма ҳалол бўлади. Луқмайи ҳалолдан ўсган танада ёмонлик содир бўлмайди. Покиза нарса еган инсондан нопок амал содир бўлмайди. Шунинг учун динимиз покликда қалб, тана ва либослар поклигига эътибор қилади.

Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг машҳур бир ҳадислари бор: «Кечқурун намозшомдан кейин ётар пайтида оби таом учун ишлатиладиган идишларнинг устини ёпинг, сув сақлайдиган идишларингизнинг устини ёпинг, ўчоғдаги чўғларингизни ўчиринг, эшикларни ёпинг, атрофингизни тоза ва покиза қилиб ётинг», дедилар.

Ариқлардаги тоза сув эртак бўлиб қолмадими?

Аллоҳ таоло айтади: «Сув сизларга берилган шундай неъматки, қадрига етмасангиз, Аллоҳ ерга чучук сувни ютиб юборгин деса, сизларга покиза сувни ким чиқариб беради?»

Шу ўринда халқимизга бир эслатма қилмоқчи эдим, сизнинг ва бизнинг ёшлигимизда ариқларда ётиб олиб, сувни ичиб кетаверар эдик. Унинг поклиги учун момоларимиз ёпиб берган кулчаларни ариқларга оқизиб ер эдик. Ҳозир бу биз учун бир эртакка айланган.

Бугун XXI асрда ривожланиш, тараққиётни, катта маданиятни тарғиб қиляпмиз. Лекин мана шундай даъвомиз давом этаётган пайтда ўша сувга қўл ювишга журъат қила оламизми?

Ёки инсонларнинг бир-бири билан нопок мулоқот қилиши ҳеч бир динга ёки ҳадисга тўғри келмайди. Мол-у дунё йиғишга ақли етаётган, не-не ҳийлаларни ўйлаб топаётган, фирибгарликларни қилаётган инсон поклик масаласида ақли етмайдими? Ёки бу бепарволикми?

Расуллуллоҳ суннатини бугун дунё эътироф этмоқда

Поклик ҳақида сўз кетганида, қўлни ювиш – суннат. Яқин кунлардан бери бошимизда турибди, дунё халқларининг мусибати. Кўзга кўринмас бир вирус дунё халқларини таҳликага солиб қўйди. Ҳаммани нотинч қилди, ҳамма томонни пароканда қилди, қанча одамлар қурбон бўлди. Мана шундай дардни енгиб ўтишда шифокорлар, табиблар нимани тавсия қиляпти? Тез-тез қўлни ювишни.

Бугун Расулуллоҳнинг суннатларини дунё эътироф этяпти. Таомдан олдин ва кейин қўл ювмоқлик, ҳожатхонадан чиққандан кейин қўл ювишлик бу – суннат. Бу суннатни бугун дунё эътироф этяпти. Ҳалол ва ҳаромни аралаштириб истеъмол қилганнинг ҳолини бугун дунё кўриб турибди.

Қолаверса, карантин деймиз, одамларни ёлғизлатиш масаласи. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларида вабо тарқалган жойдан чиқманг ёки кирманг, деб айтган сўзларининг нечоғлик заруратини мана ҳаёт кўрсатиб қўйди. Ана энди бутун дунё аҳли мана шу исломий покликни, исломий суннатни, исломий тозаликни эътироф этди.

Машинадан ахлат ташлаш мусулмоннинг ишими?

Мамлакатимизнинг 94 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Халқимизга қандай соҳа бўлишидан қатъи назар нопоклик ярашмайди. Мана, ўзим гувоҳ бўлган оддий мисол: бир киши йўлда кетаётиб машинасидан бир қопча ахлат ташлаб юборди.

Бу мусулмоннинг ишими? Ёки бизнинг миллий қадриятларимизда шу нарса бормиди? Ота-боболаримиз бунақа нопокликни кўрмаган. Лекин биз қаердан олдик?

Инсон оғзидан тупук чиқиши табиий жараён. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ерга туфлаганда устини тупроқ билан бекитиб кетишликни таълим берганлар.

Пайғамбаримизнинг яна бир муборак ҳадисларида шундай дейилади: «Сизлар оғизни пок сақланглар. Чунки у Қуръон йўли. Одамларга яхши сўз айтиладиган аъзо бу».

Поклик – Иймоннинг устунидир

Рамазон ойи – поклик ойи. Эрталабдан то кечгача пок бўлиб рўза тутамиз – жисмимиз покланяпти. Рўза тутяпман, Аллоҳ кўриб турибди, деб инсоннинг қалби сайқалланяпти. Бировга азият етказиб қўймайин, деб инсонлар тилини асраяптилар. Кўзини номаъқул нарсаларни кўришдан сақлаяпти.

Демак, инсоннинг руҳи, ахлоқи ва одоби покланяпти, сайқалланмоқда. Рамазон ойидан том маънода покланиб чиқишимиз керак.

Поклик – иймоннинг устунидир. Устун бўлса, иморат мустаҳкам туради. Шунинг учун биз XXI асрда яшаб, юксак маънавиятни даъво қилаётган эканмиз, мана шундай неъматларга муносиб муомала қилиш – инсон сифатида, мўмин-мусулмон сифатида бурчимиз ва вазифамиз эканлигини унутмаслигимиз керак.

Мавзуга оид