Рамазон ойидаги суҳбатларимизнинг навбатдагисида Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло домла Турматов қўшничилик ҳақлари ва унинг одоблари хусусида сўзлаб беради.

Ислом қўшниларни 3 тоифага ажратади

Қўшничилик бугунги кундаги долзарб мавзу. Буни жуда аҳамиятли эканини шундан биламизки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нисо сурасида шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳга ибодат қилинглар, унга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинг ва қариндошларга, мискинларга, шунингдек, етимларга ва яқин қўшнига, ёнингиздаги қўшнига, ён қўшнига яхшилик қилинг».

Бу оятда 3 хил қўшнини алоҳида зикр қилиб ўтади. Қуръони каримда қўшничилик оятларининг зикр қилиниши бу муносабатнинг ниҳоятда жиддийлигидан далолат беради ва бу маъно ҳадиси шариф билан мустаҳкамланади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Жаброил ҳар сафар келганида, оят келтирганларида менга васият қилардилар: «Қўшнингизга эҳтиёт бўлинг, қўшничилик муносабатига аҳамият беринг», деб қайта-қайта айтардиларки, мен яқин орада инсоннинг қўшниси, фарзанди каби мол-у дунёсига меросхўр бўлиб қолса керак, деб ўйлардим. Ҳар сафар келганларида қўшничилик ҳақида айтардилар».

Кунлик таомингизда қўшнининг ҳақи бор

Яна бир ҳадисда айтилади: «Кимда ким Аллоҳга иймон келтирса, охират кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин».

Қўшнисига ёмонлик қилганлар-чи? Қўшнига ёмонлик қилса, демак, охиратдан умидворлик йўқ, иймони мукаммал эмас.

Ҳадислардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом айтадиларки, «Кимда ким қўшниси оч бўлган ҳолда ўзи тўқ бўлиб тонг орттирса, иймони мукаммал эмас».

Ҳар куни кечқурун қайнатган қозонингиздаги бир коса овқатда қўшнининг ҳақи бор.

Қўшни иморат қуришда қўшнидан изн олади

Динимиз қоидаларига кўра, қўшни қўшнисининг рухсатисиз унинг иморатидан баланд иморат қурмасин. Иморатни ўзининг ерига қуради, лекин қўшнисининг иморатидан баланд қилмасин. Нега? Уни қуёшдан тўсиб қўймасин, унинг розилигини олсин.