Жаҳон | 19:39 / 03.05.2020
24799
1 дақиқада ўқилади

Тожикистонда яна 52 кишида коронавирус аниқланди

Тожикистонда коронавирус юқтирган беморлар сони 128 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига таяниб Тожикистон телевидениесида эълон қилинди.

Хабарда 3 май куни Тожикистонда коронавирус юқтирганлар сони 52 нафарга кўпайгани айтилган.

Шу тариқа, қўшни мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 128 нафарга етди. Хабарда карантинда бўлган 2 782 фуқаронинг 217 нафарида инфекция аниқланмагач, уларга жавоб берилгани айтилган.

Тожикистонда коронавирус кириб келгани ҳақида илк марта 30 апрель куни расман эълон қилинганди. Бу хабар ЖССТ мутахассислари мамлакатга келиш арафасида эълон қилинди. Биринчи куни мамлакатда 15 кишида коронавирус аниқланганди. 3 май куни эса бу борада ўзига хос рекорд (52 киши) ўрнатилди.

Тожикистон узоқ вақт коронавирус қайд этилмаган мамлакатлар қаторида эътироф этилганди. 3 май ҳолатига кўра Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Туркманистонда вирус аниқланмаган.

Аввалроқ ЖССТ Туркманистоннинг коронавирус тарқалишига қарши кўраётган чораларига баҳо берганди.

Мавзуга оид