Жамият | 15:06 / 04.05.2020
6728
3 дақиқада ўқилади

МИСиС: сирдарёликларнинг руҳий ҳолати ҳам эътибор марказида 

Сирдарёда вилоятидаги Сардоба сув омборида рўй берган ҳодиса халқимизни бирлаштириб, одамларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибатини янада орттирмоқда. 

Юзага келган талафотларни бартараф этиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан кўмак карвонлари, ҳашарчилар ва кўнгиллилар келиши давом этмоқда.

Хусусан, 2 май куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги ишчи-ходимлар, профессор-ўқитувчилар, волонтёрлар Сардоба фожиасида жабр кўрган оилаларга кўмак кўрсатиш мақсадида хайрия ишларини бошлаб юборишди. 

Улар томонидан ҳомийлар кўмагида тўпланган бир неча юк автомашиналарида кундалик рўзғор учун зарур бўлган картошка, пиёз, карам, сабзи, ун, гўшт, ёғ, макарон, турли консерва ва ширинликлар, шакар, тухум, гуруч, сут маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқатлар билан бирга иссиқ кийим-кечаклар, рўзғор буюмлари, гигиеник воситалар, бадиий китоблар, ўқув қуроллари ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат “Саховат карвони” Сирдарё вилоятига етказилди.

Ушбу савобли ишларнинг энг фаол иштирокчилари қаторида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий университетлар филиалларининг ходимларини, жумладан, Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг (Россия Федерацияси) Олмалиқ шаҳридаги филиали профессор-ўқитувчиларини ҳам кузатишимиз мумкин. 

МИСиС мутахассислари Республика ишчи гуруҳи фаолиятига жалб этилиб, жойларда вақтинчалик кўчирилган аҳоли муаммоларини ҳал этишда самарали иштирок этмоқда. Хусусан, озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда турар жой таъминоти каби масалалар тезкорлик билан ўзим ечимини топмоқда.

Шу билан бир қаторда аҳоли орасида тушкунлик кайфиятининг олдини олиш мақсадида, МИСиС вакиллари юқори малакали мутахассислар иштирокида жойларда кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқда, махсус гуруҳларда ижтимоий психологик тренинглар ташкил қилмоқда. Ёш болаларнинг руҳий тикланишлари учун эса махсус психологик машғулотлар ўтказилмоқда. Шу кунга қадар жами мингга яқин оилалар билан тарғибот ишлари олиб борилди. 

Юртдошларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларни руҳий қўллаб-қувватлаш мақсадида МИСиС вакиллари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда стол тенниси, шахмат-шашка спорт турлари бўйича бир қатор мусобақалар ҳам ташкил этяпти.

Мавзуга оид