07:23 / 04.05.2020
18960

Яна бир давлатда коронавирус юқтирганлар сони 100 мингдан ошди

Бразилияда коронавирус юқтирганлар сони кескин ошишда давом этмоқда. Охирги бир кунда мамлакатда 4,5 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланган ва шу тариқа Бразилияда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 100 минг нафардан ошди.

Фото: AFP

Worldometers маълумотига кўра, Тошкент вақти билан 04:00 ҳолатида Бразилияда 101 147 бемор қайд этилган. Бу мамлакатда ўлим ҳолатлари сони 7 мингдан ошган. Бразилия кунлик касаллик аниқланиш миқдорига кўра фақат АҚШ (26 459) ва Россиядан (10 633) ортда қолган. Ўлим ҳолатлари эса охирги бир кунда фақат АҚШ (1 122) ва Британияда (315) Бразилиядан (275) кўпроқ қайд этилган.

Шунингдек, Жанубий Американинг яна икки давлатида кескин ўсиш қайд этилган. Перуда кунлик ўсиш 3 394 нафарни ташкил этиб умумий касалланганлар сони 46 мингга яқинлашган бўлса, Эквадорда бир кун давомида яна 2 074 нафар одамда коронавирус аниқланиб, умумий касалланганлар сони 30 мингга яқинлашди.

Маълумот учун, Бразилия умумий касалланганлар сони 100 минг нафардан ошган тўққизинчи мамлакат бўлди. Бунгача АҚШ (1,18 миллион), Испания (247 минг), Италия (210 минг), Британия (186 минг), Франция (168 минг), Германия (165 минг), Россия (134 минг) ва Туркияда (126 минг) касалланганлар сони 100 мингдан ошганди.

Касалланганлар сони бўйича 10-ўринда бораётган Эронда вирус юқтирганлар 97 424 нафарга етган. Бутун дунёда эса касалланганлар сони 3,5 миллиондан, коронавирус сабаб вафот этганлар сони эса 248 мингдан ошди. Шунингдек, 1,15 миллион одам коронавирусдан шифо топган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top