Ўзбекистон | 21:37 / 05.05.2020
7009
2 дақиқада ўқилади

Экспортга йўналтирилган яна 32 турдаги маҳсулотларнинг ташиш харажатлари учун субсидия берилади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ, ташиш харажатлари учун субсидия бериладиган маҳсулот турлари ҳозирги 52тадан 86тагача кўпайтирилди.

Бу рўйхатга 32 турдаги сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳамда ҳўл, музлатилган ва консерваланган мевалар қўшилди.

Хабар қилинишича, ушбу транспорт харажатини субсидиялаш механизмидан 2 мингдан зиёд экспортёр корхоналар фойдаланиши имконияти яратилмоқда ва бунга бюджетдан 360 миллиард сўм йўналтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 май кунги видеоселектор йиғилишида бундай чоралардан мақсад – корхоналар фаолиятини тез тиклаш, экспорт ҳажмини барқарор ошириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш учун катта имконият яратиш эканини таъкидлаган.

«Шу сабабли барча даражадаги раҳбарлар доимий равишда ҳар бир туман ва маҳаллада янгича ғоя ҳамда ташаббусларни жорий этиб, оддий халқ ёки камбағалнинг ҳаётини яхшилаш, уларни банд қилиш ва даромадини ошириш масалалари билан устувор даражада шуғулланиши керак», – дея давлат раҳбарининг сўзлари келтирилган расмий пресс-релизда.

Маълумот учун, ушбу қарор 18 апрелдан 3 майга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид