Ўзбекистон | 14:14 / 06.05.2020
6863
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ташкилоти Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун 2 миллион доллар ажратади

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC/CAR) Марказий Осиё ҳукуматларининг COVID-19 га қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион доллар ажратди, бунинг 2,07 миллион доллари эса Ўзбекистонга берилади. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Kun.uz'га маълум қилди.

Фото: Валентин Огиренко / Reuters

«Ушбу маблағни CDC Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аниқлаган энг шошилинч эҳтиёжларни қондиришга сарфлайди. Жумладан, маблағ COVID-19 тестлари учун лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналар сотиб олишга сарфланиб, бунинг натижасида инфекцияни ташхислаш қобилияти ошишига ва тест натижалари тезда ўзгаришига эришилади. Шунингдек, ажратилган маблағ, CDC Атлантада очганига ўхшаш, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида шошилинч тиббий операциялар марказини ташкил этиш мақсадида тегишли жиҳоз харид қилиш ва тренинг ўтказишга сарфланади», – дейилади хабарда.  

Таъкидланишича, CDC чегара кириш пунктларида текширувдан ўтказиш учун техник кўмак ҳам беради, бу эса мамлакатнинг чегараларда шахсларни аниқлаш ва жавоб қайтариш қобилиятини мустаҳкамлайди.

«Биз Марказий Осиёдаги COVID-19 билан боғлиқ вазият бўйича январь ойидан бошлаб яқиндан мониторинг олиб бормоқдамиз ҳамда минтақадаги барча ҳукуматларга касаллик авж олишига қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун техник кўмак таклиф қилиб келмоқдамиз», –  деди Қозоғистоннинг Алмати шаҳридан туриб телефон орқали ўтказилган пресс-брифингда сўзлаган CDC Марказий Осиё бўйича директори, доктор Дэниел Сингер.

«Ушбу маблағ бизга вирус тарқалишини секинлаштириш бўйича мамлакатлар кўраётган чора-тадбирларни янада кучайтиришга имкон беради. Бунда CDCнинг минтақада кўп йиллардан буён ОИВ ва сил касаллигини назорат қилиш ҳамда грипп ва бошқа пандемик касалликларга тайёргарлик кўришга қаратилган ишларига асосланилади. CDCнинг соғлиқни сақлаш хавфсизлигини яхшилашга йўналтирилган сармоялари таҳдидларга, шу жумладан ҳозирги коронавирус эпидемиясига тез ва самарали тайёргарлик кўриш учун пойдевор вазифасини ўтади ва биз соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорлигимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканини ҳис қилмоқдамиз» –  деди жаноб Сингер.

CDC биринчи офисини 1995 йили Алматида очган бўлиб, ҳозир унинг офислари Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам мавжуд. CDC маҳаллий лаборатория, касалликни назорат қилишни мустаҳкамлаш, мутахассислар қобилиятини ошириш мақсадида ҳар бир мамлакатдаги соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлайди ва уларга касаллик тарқалишининг олдини олиш, аниқлаш ва тегишли жавоб қайтариш билан боғлиқ фаолиятни янада яхшилашга кўмаклашади.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид