Жаҳон | 15:28 / 06.05.2020
5641
1 дақиқада ўқилади

Австрия аэропортида туристларга коронавирусга тестдан ўтиш таклиф қилинмоқда

Аэропорт маъмуриятининг фикрича, янги хизматга Венадан халқаро йўналишларда парвоз қиладиган йўловчиларда ҳам талаб катта бўлади.

Вена аэропортида коронавирусга тестдан ўтказиш бўйича пуллик сервис ишга тушди. 31 майга қадар Австрияга келаётган ҳар бир йўловчида коронавирусга тестдан ўтгани тўғрисида кўпи билан тўрт кун олдин олинган маълумотнома  бўлиши ёки 14 кунлик мажбурий карантинга йўл олиши керак бўлади.

Бундай маълумотномага эга бўлмаганлар ва карантинга жўнашни хоҳламайдиганлар учун эса аэропортда экспресс-тестдан ўтиш таклиф қилинмоқда. Хизмат нархи 190 евро туради.

Натижа икки-уч соатда чиқиши айтилмоқда.

Аэропорт маъмуриятининг фикрича, янги хизматга Венадан халқаро йўналишларда парвоз қиладиган йўловчиларда ҳам талаб катта бўлади. Ҳозирда аэропортдан Доҳа, Дортмунд, Дюссельдорф, Франкфурт, Ҳамбург, Лиссабон, Минск ва Софияга мунтазам рейслар амалга оширилмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, Австрияда коронавирусга чалинганлар сони 15,6 мингдан ошган, 608 киши вафот этган.

Мавзуга оид