Ўзбекистон | 14:21 / 07.05.2020
17616
2 дақиқада ўқилади

Андижонда сартарошхона ва таксилар фаолияти тиклангани ҳақидаги хабар рад этилди

Андижон ҳокимлиги вилоятда йўловчи ташишга рухсат берилгани, гўзаллик салони ҳамда меҳмонхоналар фаолияти тиклангани ҳақидаги хабарни рад этди.

4 май куни Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати вилоят ҳокими ўтказилган йиғилиш давомида бир қанча соҳалар фаолият юритишига рухсат бергани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Мазкур хабарга асосланган ҳолда Kun.uz сайтида ҳам Андижонда йўловчи ташишга рухсат берилиб, гўзаллик салони ҳамда меҳмонхоналар фаолияти тиклангани ҳақида хабар берилди.

5 май куни эса вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 4 май куни берилган маълумотга расмий муносабат билдирди.

«Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари - сартарошхоналар, меҳмонхоналар ва таксилар фаолиятини тиклаш жараёнларига босқичма-босқич тайёргарлик кўриш назарда тутилгани ҳамда Республика бўйлаб маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, сартарошхоналар, меҳмонхоналар ва таксилар фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш Республика махсус комиссияси қарорига асосан амалга оширилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Маълумки, «қизил» тоифадаги ҳудудларда юқорида кўрсатилган соҳаларнинг фаолияти ман қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, вилоят ҳудудида сўнгги марта 2 май куни коронавирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясига чалинган шахслар аниқланган ҳудудлар – «қизил» тоифадаги ҳудудга киради. Андижон вилоятида ҳам «қизил» тоифага мувофиқ чекловлар сақланиб қолади.

Айни пайтда Андижондан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Бухоро ва Сирдарё вилоятлари «қизил» тоифадаги ҳудудлар ҳисобланади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид