Жаҳон | 08:05 / 07.05.2020
9664
2 дақиқада ўқилади

Эронда коронавирус юқтирганлар сони 100 мингдан ошди, Бразилияда яна антирекорд

Фото: AP

Бугун Эронда яна 1 680 кишида коронавирус аниқланди. Шу тариқа мамлакатда вирус юқтирганлар сони 100 мингдан ошди. Worldometers маълумотига кўра, ҳозиргача Эронда 101 650 ҳолат қайд этилган.

Эрон коронавирус юқтирганлар сони 100 мингдан ошган ўнинчи давлатга айланди. Эронгача АҚШ (1,25 миллион), Испания (253 минг), Италия (214 минг), Британия (201 минг), Франция (174 минг), Германия (168 минг), Россия (165 минг), Туркия (131 минг) ва Бразилияда (125 минг) касаллик юқтирганлар сони 100 мингдан ошганди.

Эрон вирус юқтирганлар сони бўйича 10-ўринда бормоқда. Бутун дунёдаги вирус юқтирганларнинг аксари айнан шу юқори ўнликдаги мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Ҳозиргача дунёда умумий ҳисобда 3 миллион 813 169 кишида коронавирус аниқланган. Бу борада энг юқори кўрсаткич қайд этган дастлабки 10та мамлакатда эса касалланганлар сони умумий 2,8 миллиондан кўпроқ.

Охирги бир кунда вирус юқтирганлар сони энг кўп АҚШда кўпайди (20 675). Россияда бу гал ҳам кунлик ўсиш 10 мингдан юқори бўлди (10 559). Ўсиш юқори ўнликдаги Бразилия (10 503) ва Британияда (6 111) ҳам юқори бўлди. Ўнликдан пастдаги Перу (3 628) ва Ҳиндистонда (3 587) ҳам коронавирус юқтирганлар сони кескин кўпайган.

Кунлик ўлим сони АҚШ (1 955), Британия (649), Бразилия (615), Италия (369) ва Бельгияда (323) энг юқори бўлди. Ўлимлар сони бўйича Бразилияда яна антирекорд қайд этилди. Бир кун олдин бу мамлакатда 600 киши коронавирусдан ўлган ва бу пандемия бошлангандан буён энг ёмон кўрсаткич эди. Охирги 24 соат давомида эса 615 нафар бразилиялик коронавирус сабаб ҳалок бўлди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид