Ҳиндистондаги кимё заводидан газ сизиб чиқиши оқибатида 5 мингдан ортиқ одам жабрланди
Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатидаги кимё заводида рўй берган авария оқибатида минглаб одамлар жабрланди, камида 10 нафари ҳалок бўлди.
7 май куни Андхра-Прадеш штати, Вишакхапатнам (Визак) шаҳридаги химия заводидан газ сизиб чиқиши натижасида 5 мингдан ортиқ одам жабрланди, камида 10 нафари ҳалок бўлди, деб хабар беради Times of India.
Маҳаллий вақт билан соат 3:00да LG Polymers заводидан номаълум газ сизиб чиққан. Натижада, 3 километр радиусда яшаётган аҳоли орасида ваҳима кўтарилган. Кўчалардаги кўплаб одамларда нафас олиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган, тери юзасида тошмалар пайдо бўлиб, кўзлари шишиб кетган, баъзилар ҳушсиз ҳолда ерга йиқилган.
Ҳалок бўлганлар орасида икки қария ва 8 ёшли бола борлиги айтилмоқда.
May omnipotent save this little soul 🙏🤲#VizagGasLeak #Visakhapatnam #VizagGasTragedy pic.twitter.com/KRlDqPPis8
— Kishan Sharma (@sharma_ze) May 7, 2020
Воқеа жойида қутқарувчилар ишлаяпти, шаҳарнинг баъзи ҳудудлари ва яқин қишлоқлар аҳолиси эвакуация қилиняпти. Юзлаб одамлар шифохоналарга ётқизилган. Воқеанинг сабаблари ҳали аниқланмаган.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Визакдаги вазиятга баҳо бериш учун Ички ишлар вазирлиги ва табиий офатларга қарши кураш миллий бошқармаси (NDMA) билан боғланганини маълум қилди.
Андхра-Прадеш штати саноат вазири Мекапати Гутам Редди баёнотига кўра, «газ сизиб чиққани ҳақида хабарлар пайдо бўлиши билан заводда зудлик билан уни бартараф қилиш жараёни бошланган».
Редди юз берган воқеа учун компания жавобгар бўлишидан огоҳлантирди. «Улар қайси қоидаларга амал қилингани, қайсилари бажарилмаганини тушунтириб бериши шарт. Уларга қарши жоноят иши очилади», – деб қўшимча қилди вазир.
Маълумот ўрнида, 1984 йили Ҳиндистонннинг Бхопал шаҳрида тарихдаги энг катта техноген фалокатлардан бири юз берган эди. Union Carbide заводидан хлор ва азот бирикмаларининг сизиб чиқиши натижасида 15 мингга яқин одам ҳалок бўлган, 500 мингдан ортиғи заҳарланган.
Мавзуга оид
16:50
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024
Ҳиндистон халқаро аэропортида ҳавонинг ифлосланиши туфайли 200 дан ортиқ рейслар кечиктирилди
19:27 / 13.11.2024
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
19:10 / 13.11.2024