Humo банк пластик карталари фаолиятидаги узилишлар бўйича изоҳ берилди
Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) Humo тўлов тизими фаолиятида кузатилган узилишлар бўйича изоҳ берди.
«Ижтимоий тармоқларда барча пенсия олувчиларининг HUMO карталарига ўтказилиши тўғрисидаги хабарлар фаол тарқалмоқда. Аммо айтиш жоизки, қай турдаги картани чиқариш ва уни кимга беришга оид қарорлар банк фаолияти доирасида қабул қилинади. Миллий банклараро процессинг маркази карталарни фақатгина банк томонидан берилган буюртмадаги миқдорга асосланиб чиқаради.
Бугунги кунгача, «Халқ банки» маълумотига кўра, пенсия олувчилар учун жами 1 228 000 (бир миллион икки юз йигирма саккиз минг) карта чиқарилган, улардан фақат 391 000таси, яъни 32 фоизи HUMO карталаридир.
7 ва 8 май кунлари, соат 11:00дан соат 13:00гача POS терминаллари орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар кузатилди. Бунга пул маблағларини пенсия карталарига ўтказиш операцияларининг шиддатли равишда ўсиши, шунингдек банк кассалари ва банкоматлари орқали пул маблағларини нақдлаштириш хизматларига талаб юқорилиги сабаб бўлди.
Буларнинг барчаси кескин ва қисқа муддатли носозликларга, яъни натижасиз банк операциялари сони ўсишига сабаб бўлди. Аммо бу вазият банкоматлар ёки электрон тўлов тизимлари фаолиятига таъсир кўрсатмади», дейилади хабарда.
Айни дамда процессинг маркази қувватларини кенгайтириш ва дастурий таъминотни яхшилаш бўйича узлуксиз иш олиб борилаётгани қайд этилган.
Карта эгаларига қўшимча қулайликлар яратиш учун МБПМ «Халқ банки» билан ҳамкорликда пенсия олувчи мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилмоқда: банкоматлар ҳудудий қайта ўрнатилмоқда, қўшимча кассалар очилмоқда.
«Карта эгаларига юзага келган вазият учун узрларимизни билдирамиз. HUMO – нисбатан янги тизим, уни такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Биз бор кучимиз билан мижозларимиз ишончини оқлашга ва бу тизимни имкон қадар қулай ва ишончли қилишга ҳаракат қиляпмиз», дея таъкидлайди «Миллий банклараро процессинг маркази» МЧЖ директори Шуҳратбек Қурбонов.
Мавзуга оид
13:31
Kaspi.kz «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштиришдаги иштирокини тўхтатди
17:43 / 02.10.2024
Ўзбекистонда Apple Pay, Google Pay ва PayPal ишлай бошлайди
14:30 / 27.08.2024
Kaspi.kz «Humo» тўлов тизимини хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин
15:17 / 22.07.2024