Банк карталари блокировкаси – турли сабаблар билан учраб турадиган, ҳар ким билан рўй бериши мумкин бўлган ҳолат. Шу сабаб тўғри ечимларни билиб қўйиш фойдадан холи эмас.
Блоклаш – бу карта орқали тўловларни амалга оширишга тақиқ қўйишдир. Яъни сиз картадан фойдалана олмай қоласиз. Тўлов қилиш, пул ўтказиш ва ўтказмаларни қабул қилиш ёки нақд пул ечиш имконсиз бўлиб қолади.

Қандай ҳолатларда банк карталари блокланади?
Банк картани мижознинг талаби ёки ўз ташаббуси билан блоклаши мумкин, бунинг асосий сабаби – мижоз пулларини ҳавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Жумладан:
- мижоз ўз ҳоҳиши билан онлайн тарзда, банкка телефон қилган ҳолда ёки банкка келган ҳолда картани блоклашни сўраганда;
- мижоз томонидан банк картаси йўқолгани ёки ўғирлангани тўғрисида оғзаки ёки ёзма мурожаат қилинганда;
- картанинг PIN коди 3 марта нотўғри терилганда;
- мижозлар томонидан шубҳали битимлар аниқланган тақдирда;
- карта маълумотлари сизиб чиққанда (яъни 3 шахсга мижознинг шахсий маълумотлари етган ҳолатда);
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мажбурий ижро бюросининг банкка мурожаатлари билан.
Агар мижознинг банк картасида кун давомида 50 млн сўмдан ортиқ кирим ёки чиқим бўлса, банк уни эҳтимолий фирибгарлик белгиси деб ҳисоблайди ва маълум амалиётларни чеклайди. Кўп мижозлар бундай чекловни “картани блоклаш” деб ўйлайди, лекин бу – хато. 24 соат ичида мижоз картасидаги лимит чеклови автоматик тарзда олиб ташланади.
“Картангиз блокланган” хабари келса, нима қилиш керак?
Бу ҳолатда хабарни юборган ҳақиқий банк ҳам, фирибгар ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун:
- SMSдаги рақамга ҳеч қачон қўнғироқ қилманг, юборилган ҳаволага ҳам кирманг.
- Банк ходими сиздан фақат шахсий маълумотларингиз ва картанинг охирги 4 та рақамини сўраши мумкин. Агар сиздан картанинг тўлиқ рақамини ёки SMS кодни сўрашса – бу аниқ фирибгарлар!
Кўп ҳолларда банклар мижозга ўзлари қўнғироқ қилмайди. Шундай вазиятда сиз банкнинг расмий сайтига кириб, ишонч телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз талаб этилади.
















