Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сардобадаги авариядан бери бир ҳафта ўтди — Нега ҳеч ким матбуот анжумани ўтказишга шошилмади?
Ўзбекистонда, катта эҳтимолки, 1966 йилги зилзиладан кейинги ярим аср ичидаги энг йирик офат рўй берди – «Сардоба» сув омбори қуриб битказилганига уч йил ўтар-ўтмай дамбанинг бир қисми ўпирилиб, тошқин оқибатида минглаб инсонлар бошпанасиз қолди. Бошқа вилоятлар аҳолиси жабрланганларга ёрдамга ошиқмоқда, масъуллар эса бир ҳафта ўтса-да журналистларнинг саволларига жавоб беришга шошилмаяпти.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил бошида парламентга йўллаган мурожаатидаги энг муҳим сигналлардан бири, фикримизча, қуйидаги таъкидда акс этганди:
«Демократик ислоҳотлар йўли – биз учун якка-ю ягона ва энг тўғри йўлдир».
Албатта, олий ҳокимият демократик ислоҳотлар йўлида давом этишини эълон қилиши – жуда ижобий белги. Давлат раҳбарининг бундай баёноти – демократия тамойилларидан бири бўлган ошкоралик ва халқ билан мулоқот борасида ҳам охирги йилларда эришилган натижалар билан чекланиб қолинмаслигини тасдиқлаш демакдир.
2020 йил синовли йил бўлганини таъкидлар эканмиз, бир нечта йўналишлар қаторида айнан очиқлик сиёсати ҳам жиддий синовдан ўтаётганини унутмаслик лозим.
Аввалига Бухоро, сўнг Сирдарёда рўй берган фавқулодда ҳолатлар аҳолида кўплаб саволларни туғдирди, аммо орадан шунча вақт ўтганига қарамай, мутасаддилар томонидан ҳамон матбуот анжумани ўтказилгани йўқ.
Бундан кўринадики, давлат идоралари фавқулодда вазиятларда жамоатчилик билан нормал коммуникацияни йўлга қўйишда ҳамон оқсамоқда. Афсуски, раҳбарларда мансабдор шахс сифатида жамоатчилик билан шахсан мулоқот қилишим керак, деган масъулият ҳиссини шакллантира олмадик.
Матбуот хизматлари орқали бир томонлама расмий маълумотлар эълон қилиниши айниқса фавқулодда вазиятларда етарли бўлмайди. Чунки брифингларда айнан журналистлар берадиган саволлар ҳодиса тафсилотларини янада очиб бериш ва жамоатчиликни хавотирга солаётган нуқталарга ойдинлик киритишга хизмат қилади.
Бундай матбуот анжуманлари – фуқаролик жамиятининг ажралмас қисми. Ривожланган давлатларда у ёки бу ҳодисадан кейинги дастлабки соатларда тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари журналистлар саволларига жавоб беришса, бироз вақт ўтиб вазирлик ва идораларнинг шахсан биринчи раҳбарлари иштирокида матбуот анжуманлари ташкил этилиши одат тусига кирган.
Бу каби давомли мулоқот натижасида жамоатчилик ўзини бир чеккада турган томошабин деб эмас, балки ўз юртида юз бераётган ишларнинг бевосита иштирокчиси деб ҳис қилади, давлат ва жамият алоҳида икки гуруҳ эмас – ягона тана сифатида ҳаракатланади. Бу эса жамиятнинг давлатга ишончини белгиловчи фавқулодда зарур омилдир.
1 май куни «Сардоба» сув омбори билан юз берган фалокат ҳам фавқулодда ҳодиса бўлиб, у билан боғлиқ барча тафсилотларни жамоатчилик ўз вақтида билишга ҳақли эди. Бунинг учун эса масъул идоралар қўшма матбуот анжуманлари ўтказишлари лозим эди. Аммо бу ҳалигача қилинмади. Нега?
Сардобадаги фожиадан бери бир ҳафта вақт ўтди. Бу муддат бир дунё саволларни туғдирди. Ваҳоланки, бу саволларга жавоб бериши керак бўлган ўнлаб масъуллар бор.
Биринчи навбатда – Сирдарё вилояти ҳокими, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг расмийлари иштирокида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилиши лозим эди.
«Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонаси «Сардоба» сув омборини қурган ўнта субпудратчи қай тариқа танлаб олингани ҳақида маълумот бериши ва уларнинг номини ошкор қилиши, ўпирилган 6-пикетда қайси қурувчи ташкилот иш олиб борганини очиқлаши керак эди.
Қозоғистон расмийларининг сув омбори қурилиши улар билан келишилмагани ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари оқим Қозоғистон ҳудудига кирмаслигини айтгани юзасидан ҳам изоҳ берилиши зарур.
Тошқин қурбонлари ҳақида ҳам деярли маълумот йўқ, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари бунга ойдинлик киритиши мақсадга мувофиқ.
Бузилган тўғоннинг тумшуғида балиқ хўжаликлари бўлгани, емирилишга бунинг алоқаси борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси бу масалага эътибор қаратиши лозим.
1 май куниёқ ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси ҳам биринчи кунларданоқ Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги воситасида масъул идоралар билан брифинглар ташкил этилишини таъминлаши мумкин эди. Бу орқали турли салбий фикрлар ва миш-мишларнинг ҳам олди олинган бўлар эди.
Kun.uz таҳририяти
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
23:56 / 02.05.2023
Сардоба фожиасига 3 йил: олдини олиш мумкин бўлган фалокат ва унинг оқибатлари
13:53 / 18.09.2022