Ўзбекистон | 07:46 / 09.05.2020
4745
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлари коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

2020 йилнинг 8 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбат давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва кенгайтириш истиқболлари, баъзи халқаро ва минтақавий масалалар муҳокама қилинди.

Вазирлар томонидан олий ва юқори даражалардаги бўлажак учрашувлар жадвали кўриб чиқилди. Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган икки мамлакатнинг стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашга томонлар алоҳида аҳамият бериши қайд этилди.

Суҳбат чоғида коронавирус тарқалишига қарши курашда ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Коронавирус тарқалиши сабабли киритилган вақтинчалик чекловлар доирасида вазирлар икки томонлама муносабатларнинг жорий масалаларини муҳокама қилиш учун ўзаро ҳамкорликнинг янги шаклларидан фаол фойдаланиш зарурлигини таъкидладилар.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Афғонистондаги ҳозирги вазиятни ҳам кўриб чиқдилар. Вазирлар Афғонистонда тинчлик, миллий тотувлик ва иқтисодий тикланишни таъминлашга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.

Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид