Жамият | 20:41 / 09.05.2020
14218
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ветеранларга президент табриги ва мукофотлар етказилди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийларига йўллаган табригини эгаларига етказишди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

8 май куни Тошкент шаҳрида Икки Жаҳон уруши қатнашчиларининг бир гуруҳи иштирокида байрам дастурхони ташкил этилди. Унда фахрийлар учун махсус ишланган эсдалик соат, кўкрак нишони, 10 миллион сўм мукофот пули ҳамда Икки Жаҳон урушида жасорат кўрсатган қаҳрамонлар ҳақида чоп этилган китоб тақдим этилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими президент табригини ўқиб эшиттирди. 

“Азиз ва муҳтарам отахонлар! Сизни фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда хотира ва қадрлаш умумхалқ байрами муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Ушбу буюк ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамони бўлган Сиз, қадрли ва мўтабар юртдошимизга ўзимнинг чексиз ҳурмат-эҳтиромимни ва энг эзгу тилакларни изҳор этишдан ғоятда мамнунман. Башарият тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин ҳисобланган Иккинчи жаҳон уришида Сизнинг она заминимизга муносиб ҳимоя қилиш, инсониятни ҳалокатдан асраб қолиш йўлида кўрсатган тенгсиз мардлик ва мислсиз жасоратингизни бутун халқимиз, бугунги миннатдор авлодлар ҳеч қачон унутмайдилар. Сиз каби фидойи, жонкуяр ва олижаноб инсонлар олдида биз ҳамиша таъзимдамиз.

Ғолиб ва музаффар жангчи сифатида Сиз урушдан кейинги оғир ва машаққатли тикланиш йилларида ҳам меҳнат фронтининг энг олдинги сафларида туриб, мамлакатимизда тинч, озод ва обод ҳаёт қуриш борасида ҳам ҳаммага чинакам ибрат ва намуна бўлдингиз. Барчамиз Сиздан сабот ва матонатни, жонажон Ватанга садоқатли фарзанд бўлишни, унинг шон-шарафи ва равнақи учун ўзини аямасдан фидокорона хизмат қилишини ўрганганмиз. Бугунги эркин ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, ёруғ келажагимиз учун кўп миллатли халқимиз номидан, ўз номимдан Сизга яна бир бора чуқур ташаккур билдираман. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон манфаатларини таъминлаш, эл-юртимизни рози қилишга қаратилган қатъий ва саъй-ҳаракатларимиз амалий ва ишларимиздаги нуроний маслаҳатчи, меҳрибон дуогўй ва камарбаста бўлиб турганингиз биз учун катта бахт, катта давлатдир.

Сиз халқимиз, Ватанимиз учун ҳамиша азиз ва қадрлисиз! Сиз каби фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш бундан кейин ҳам диққат марказимизда бўлади. Яратгандан Сизга соғлик-саломатлик, доим фарзандлар, неваралар, чеваралар, эл-юртимизнинг меҳри ва ардоғида бўлишни тилаб қоламан. Қутлуғ ғалаба байрами барчангизга муборак бўлсин!

Сизга чексиз ҳурмат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев!”, – дея табрик сўзини етказди ҳоким Ортиқхўжаев.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, уруш фахрийларининг бир гуруҳи пойтахтда жойлашган AkfaMedline шифохонасида саломатлигини мустаҳкамлаган. Бундан ташқари, шаҳарда истиқомат қилувчи юзлаб меҳнат фахрийлари ҳамда фронорти иштирокчиларини байрам билан қутлаш, давлат раҳбари табригини етказиш давом этади.

Мавзуга оид